“Аль-Мунтасаф”: Ўзбекистон–Жанубий Корея ҳамкорлигида янги устувор йўналишлар белгиланмоқда
Сентябрь 11, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 66
САНО, 10 сентябрь. /“Дунё” АА/. Яманнинг “Аль-Мунтасаф” порталида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги саноат ва технологик ҳамкорлик истиқболларига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон–Корея муносабатлари ривожланишнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Илгари икки томонлама алоқаларнинг асосини оддий савдо ва ускуналар етказиб бериш ташкил этган бўлса, эндиликда асосий урғу саноат ва технологик ҳамкорликка, юқори технологик ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда муҳим минерал ресурсларни қайта ишлашга қаратилмоқда.
Мақолада келтирилишича, 2025 йилда икки томонлама савдо ҳажми деярли 1,8 миллиард долларни ташкил этди. 2026 йилнинг август ойида эса икки мамлакат ҳукуматлари товар айирбошлаш ҳажмини яқин истиқболда 4 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузди.
Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган Корея инвестицияларининг умумий ҳажми 10 миллиард доллардан ошди, Корея капитали иштирокидаги корхоналар сони эса 1 000 тага яқинлашди.
Таъкидланганидек, “Uz-Kor Gas Chemical” мажмуаси (4 миллиард долларлик лойиҳа), “ADM Jizzakh” заводида “Kia” автомобилларини ишлаб чиқариш, “Posco International”нинг тўқимачилик лойиҳалари ҳамда “Tashkent Pharma Park” кластери икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам саноат кооперациясининг ёрқин намунасидир.
Мақолада 2026 йил 16–17 сентябрь кунлари Сеулда ўтказилиши режалаштирилган Жанубий Корея ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг биринчи саммити минтақавий ҳамкорликка янги суръат бағишлаши ва Ўзбекистоннинг ушбу жараёндаги етакчи майдон сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаши қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси