Logo

Ўзбекистон Президенти Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида иштирок этади

Сентябрь 19, 2025. 19:36 • 49 сония

346
Ўзбекистон Президенти Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида иштирок этади

ТОШКЕНТ, 19 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этиш учун 20-24 сентябрь кунлари амалий ташриф билан Нью-Йорк шаҳрида бўлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси ялпи сессияси умумий мунозараларининг биринчи кунида нутқ сўзлайди.

Таъкидлаш жоизки, Бош Ассамблеянинг бу йилги юбилей сессиясида глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, БМТ тизими ва халқаро молия архитектурасини ислоҳ қилиш, иқлим ўзгариши оқибатлари ва бошқа замонавий хатарларга қарши курашишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Саммит доирасида Ўзбекистон етакчиси БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро молиявий институтлар раҳбарлари билан музокаралар ўтказади.

Ташриф дастурининг ишбилармонлик қисмидан АҚШнинг етакчи компаниялари ва молиявий-инвестиция тузилмалари иштирокида учрашув ва тадбирлар ўрин олган. Янги келишув ва шартномалар тўплами имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш