Ўзбекистон Президенти ХХР Сянган (Гонконг) махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбарини қабул қилди

Июнь 04, 2026. 15:05 • 2 дақ

108
Ўзбекистон Президенти ХХР Сянган (Гонконг) махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбарини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 4 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Хитой Халқ Республикаси Сянган (Гонконг) махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбари Ли Цзячао бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот аввалида Ли Цзячао Ўзбекистон етакчисига ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини, шу жумладан, Гонконг билан ҳудудлараро алмашинувлар ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш орқали янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Суҳбат чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Олий даражада эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда. Май ойида Пекин шаҳрида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Сиань шаҳрида учинчи Ҳудудлараро форум муваффақиятли ўтказилди, Гонконгда иқтисодий форум ва саноат кўргазмаси бўлиб ўтди, Ўзбекистон савдо уйи очилди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон ҳудудларининг Гонконг билан иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш учун мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент шаҳрига Гонконг ишбилармон доиралари вакилларидан иборат катта делегация ташриф буюргани ушбу йўналишдаги шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Савдо-иқтисодий ва молиявий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш, таълим, туризм ва ишбилармонлик алмашинувларини ривожлантириш ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновлар ва фуқароларга консуллик хизматлари кўрсатишни йўлга қўйишни назарда тутувчи комплекс ҳамкорлик дастурини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.

“Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, биотехнологиялар, рақамли иқтисодиёт, финтех, инновацион стартаплар, сунъий интеллект ва бошқалар устувор соҳалар сифатида қайд этилди.

Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш, шунингдек, Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ҳамда яқин фурсатда Гонконг билан икки томонлама асосда визасиз тартибни жорий этиш юзасидан келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш