Баҳромжон Аълоев: Глобал ноаниқлик кучайиб бораётган шароитда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга
Июнь 04, 2026. 14:25 • 3 дақ
• 49
ТОШКЕНТ, 4 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимизда “Тинчлик, ўзаро боғлиқлик, барқарорлик: умумий фаровонлик пойдеворини шакллантириш” мавзусидаги Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташкилотчилар – Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги, ҳамкор – Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК).
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев сўзга чиқди. У глобал ноаниқлик кучайиб, геосиёсий рақобат кескинлашиб, транспорт-логистика йўналишлари ўзгариб, иқлим хатарлари ортиб бораётган шароитда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш алоҳида долзарблик касб этаётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ҳар икки минтақа қулай жуғрофий жойлашуви, тез ўсаётган бозорлари, бой табиий ресурслари ва инсон капитали туфайли Евроосиёнинг энг жадал ривожланаётган маконларидан бирига айланиш учун катта имкониятга эга.
Баҳромжон Аълоев минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи умумий тамойилларни муҳокама қилишдан қўшма ташаббусларни амалий рўёбга чиқаришга ўтиш бўлиши кераклигини қайд этди. Шу муносабат билан у савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини такомиллаштириш, савдо тартиб-таомилларини рақамлаштириш ва янги транзит йўлакларини шакллантириш зарурлигига эътибор қаратди.
Нутқда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилди. ТИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари таъкидлаганидек, ТАПИ ва CASA-1000 лойиҳалари, Марказий Осиёнинг умумий энергетика бозорини яратиш ҳамда янги трансчегаравий электр узатиш тармоқларини қуриш минтақани Евроосиёнинг асосий энергетика марказларидан бирига айлантиришга қодир.
Бундан ташқари, Баҳромжон Аълоев сув ресурслари танқислиги, ерлар деградацияси ва экстремал табиат ҳодисалари сонининг ортиши билан боғлиқ иқлимий хатарларга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди. Шунингдек, таълим ва илмий алмашинувларни ривожлантириш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, туризм ва маданий мулоқот устувор йўналишлар сифатида тилга олинди.
Минтақалараро ўзаро боғлиқликни таъминлашда Афғонистоннинг ўрнига алоҳида урғу берилди.
“Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш, транспорт алоқаларини кенгайтириш ва унинг минтақавий лойиҳалардаги иштироки Марказий ва Жанубий Осиёдаги барча давлатлар манфаатларига мос келади”, – деди Баҳромжон Аълоев.
У барқарор ва тинчлик йўлида ривожланаётган Афғонистон бутун минтақа хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва иқтисодий имкониятларни кенгайтиришнинг муҳим омилига айланишини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




