Ўзбекистон Президентига кимё саноатини ривожлантириш йўлидаги истиқболли лойиҳалар билан танишди

Июнь 02, 2026. 13:34 • 3 дақ

77
Ўзбекистон Президентига кимё саноатини ривожлантириш йўлидаги истиқболли лойиҳалар билан танишди

ТОШКЕНТ, 2 июнь. /“Дунё” АА/. “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркига ташриф давомида Президент Шавкат Мирзиёев бугун “BCG Group OZ” корхонаси билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, саноатни модернизация қилиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш иқтисодиёт ривожининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.

Шу мақсадда ташкил этилган “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки бугунги кунда соҳадаги янги авлод саноат майдонларидан бири сифатида шаклланиб улгурди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 3 февралдаги тегишли қарори ижроси доирасида барпо этилган мазкур технопарк кимё маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун қулай муҳит яратиш мақсадига хизмат қилмоқда. Умумий майдони 26,4 гектар бўлган ҳудудда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва замонавий инфратузилмани шакллантиришга 25 миллион доллар маблағ йўналтирилди.

Технопаркнинг инвестициявий жозибадорлиги аниқ рақамларда ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, 2025 йилда 56 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиб, 758 та янги иш ўрни яратилди. Йил давомида корхоналар томонидан 60 миллион долларлик 150 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Шунингдек ўқинг

Келгуси режалар ҳам улкан. 2030 йилга қадар инвестициялар ҳажмини 207 миллион долларга, товар маҳсулоти ишлаб чиқаришни 294 миллион долларга, экспортни 48 миллион долларга етказиш ҳамда иш ўринлари сонини 2 минг 300 тага ошириш белгиланган.

Шу ерда Президент Шавкат Мирзиёевга технопарк фаолияти, шунингдек, кимё саноатини ривожлантиришга қаратилган илмий-амалий лойиҳалар тақдимот қилинди.

Бугунги кунда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш аграр сектор барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Йилига 3,7 миллион тонна ўғит ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, импорт қилинаётган фосфорли ва сувда эрувчан ўғитларга бўлган талаб тармоқни янада модернизация қилишни тақозо этмоқда. Бу борада 2,8 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган.

Нефть-кимё тармоғида эса полимерларга бўлган ички эҳтиёж ортиб бормоқда. 2032 йилга бориб, мазкур эҳтиёж 3,2 миллион тоннага етиши прогноз қилинмоқда. Ангренда “Кўмирдан олефинлар олиш” ва Қўнғиротда “Нафтани қайта ишлаш” каби йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши ушбу талабни тўлиқ қондириш ва импорт ўрнини босишга хизмат қилади.

Маиший кимё соҳасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Инвестиция лойиҳалари орқали импорт ҳажмини икки баробарга қисқартириш, ички истеъмолни маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига 64 фоизгача етказиш ва экспорт кўрсаткичларини ошириш кўзда тутилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш