Ўзбекистон Президенти Халқаро дзюдо федерацияси раҳбарини қабул қилди

Ноябрь 19, 2026. 19:42 • 2 дақ

• 14
Ўзбекистон Президенти Халқаро дзюдо федерацияси раҳбарини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 19 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун ўсмирлар ўртасида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати муносабати билан мамлакатимизда бўлиб турган Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визерни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда ушбу нуфузли федерация билан миллий дзюдо мактабини ривожлантириш ва ёш спортчиларни тайёрлаш борасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Тошкент жаҳоннинг нуфузли дзюдо марказларидан бирига айланиб бораётгани таъкидланди. Сўнгги уч йилда мамлакатимизда 4 минг нафардан зиёд спортчи иштирокида 10 та халқаро мусобақа ўтказилди. Жорий йилги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати эса илк бор Ўзбекистонда ташкил этилмоқда.

Мариус Визер юртимизда спортни ривожлантириш ва ёшларни спортга кенг жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистонда йирик халқаро мусобақаларни ўтказиш, миллий терма жамоани Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига тайёрлаш, мамлакатимизда яратилган замонавий спорт инфратузилмаси негизида спортчилар, мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш ҳамда спорт тиббиёти соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати 19-22 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчасида бўлиб ўтади. Унда 78 мамлакатдан 600 нафарга яқин ёш спортчи беллашмоқда. Мусобақаларга хорижий мамлакатларнинг юқори даражадаги делегациялари ҳам келган. 

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш