Logo

Ўзбекистон Президенти Москва шаҳрида Ғалабанинг 81 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди

Май 09, 2026. 15:30 • 3 дақ

134
Ўзбекистон Президенти Москва шаҳрида Ғалабанинг 81 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди

ТОШКЕНТ, 9 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Москва шаҳрида Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 81 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Қизил майдонда Ғалаба паради бўлиб ўтди. Унда Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Лаос Президенти Тхонглун Сисулит, Малайзия Подшоҳи Султон Иброҳим, Словакия Ҳукумати Раиси Роберт Фицо ва бошқа хорижий делегациялар раҳбарлари ҳам қатнашди.

Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалаба миллионлаб инсонларнинг мислсиз жасорати, матонати ва фидойилиги эвазига қўлга киритилган буюк тарихий воқеадир. Бу умумий Ғалабага жанггоҳларда ва фронт ортида чинакам қаҳрамонлик кўрсатган Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Уруш арафасида республикамиз аҳолиси 6 миллион нафардан зиёд эди. Синовли йилларда қарийб 2 миллион нафар ўзбекистонлик фронтга сафарбар этилди. Қонли жангларда 538 мингдан ортиқ юртдошимиз ҳалок бўлди, 158 мингдан зиёди бедарак йўқолди.

Жасорати, мардлиги ва ҳарбий маҳорати учун Ўзбекистоннинг 214 мингдан ортиқ аскар ва офицерлари жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди. 301 нафар юртдошимизга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди, яна 70 нафари “Шон-шараф” орденининг тўлиқ кавалери бўлди.

Ўзбекистон халқининг фронт ортидаги фидокорона меҳнати ҳам Ғалабага улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Республикамиз фронтнинг ишончли таянчига айланиб, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, қурол-яроғ ва бошқа зарур маҳсулотларни етказиб берди. Қисқа муддатда Ўзбекистон ҳудудида 170 дан ортиқ эвакуация қилинган корхона жойлаштирилиб, мудофаа саноатининг барқарор ишлаши таъминланди.

Урушнинг оғир йилларида халқимиз инсонпарварлик ва бағрикенгликнинг юксак намунасини кўрсатди. Фронтга яқин ҳудудлардан эвакуация қилинган 1,5 миллиондан ортиқ инсон, жумладан, 250 мингдан зиёд етим болалар Ўзбекистонда бошпана топди. Меҳр-оқибат, ғамхўрлик, ночорларга ёрдам қўлини чўзишга ҳамиша тайёрлик халқимизнинг маънавий куч-қудрати ва олижаноблигининг ёрқин ифодаси бўлди.

Бугун мамлакатимизда уруш қаҳрамонлари ва фронт орти меҳнаткашларининг хотирасини абадийлаштириш, фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида барпо этилган муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси аждодлар кўрсатган қаҳрамонлик ва матонатга чуқур эҳтиром рамзига айланган.

Парад якунланганидан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин ва бошқа етакчилар билан бирга Москвадаги Александр боғида жойлашган Номаълум аскар қабрига гул қўйди.

Ушбу ёдгорлик Ғалаба йўлида жон фидо қилган миллионлаб аскарлар, шу жумладан, Ўзбекистон фарзандлари хотирасига эҳтиром ифодаси бўлиб, Ватан ҳимоячиларининг матонати, қаҳрамонлиги ва фидойилиги рамзи ҳисобланади.

Маросим бир дақиқалик сукут, фахрий қоровул ва ҳарбий оркестрнинг тантанали юриши билан якунланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш