Испания компаниялари Ўзбекистоннинг сайёҳлик бозорига киришни режалаштирмоқда
Май 09, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 15
МАДРИД, 9 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов Испаниянинг “Barceló Hotel Group” директори Рауль Гонсалес ҳамда “Ávoris Corporación Empresarial” раҳбари Карлос Гарридо билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Barceló Hotel Group” Испаниянинг энг йирик меҳмонхона тармоқларидан бири бўлиб, дунё бўйлаб 30 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади. Компания 100 йилдан ортиқ тарихга эга бўлиб, шаҳар бизнес меҳмонхоналаридан тортиб курорт мажмуаларигача бўлган кенг портфелга эга. У “Royal Hideaway”, “Barceló”, “Occidental” ва “Allegro” каби брендларни ўз ичига олади.
“Ávoris Corporación Empresarial” эса “Barceló” гуруҳининг туризм йўналишидаги тармоғи бўлиб, Европа, Яқин Шарқ ва Лотин Америкаси бозорларида фаолият олиб боради. Компания туроператорлар, авиахизматлар ва туристик хизматларни бирлаштирган йирик тармоқ сифатида танилган.
Учрашувда Ўзбекистон ва Испания ўртасида туризм, меҳмонхона бизнеси ҳамда туристик инфратузилмага инвестиция жалб қилиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Испания томони Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган туристик салоҳияти, инфратузилма соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро жозибадорлиги ортиб бораётганини юқори баҳолади.
“Ávoris Corporación Empresarial” раҳбари Испаниядан Тошкент ва Урганч шаҳарларига “Iberojet” авиакомпанияси орқали тўғридан-тўғри чартер рейслар сонини кўпайтиришга тайёр эканини айтди.
“Barceló Hotel Group” раҳбари эса компаниянинг Ўзбекистон бозорига стратегик кириб келиш концепциясини ишлаб чиқиш нияти борлигини таъкидлади. У янги меҳмонхоналар қуриш, мавжуд меҳмонхоналарни бошқариш ҳамда туризм ва меҳмонхона соҳалари ходимлари учун стажировка ва ўқув дастурларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларга қизиқиш билдирди.
Музокаралар якунида испан компаниялари вакиллари яқин вақт ичида Ўзбекистонга ташриф буюриб, батафсил музокаралар ўтказиш, ҳамкорлар билан учрашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганишга тайёр эканини маълум қилди.
Испаниянинг ушбу нуфузли компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистонда испан меҳмонхона брендлари учун қулай инвестицион муҳит яратишга, шунингдек, Европа ва Лотин Америкасидан туристлар оқимини оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси