Ўзбекистон Президенти ичимлик суви таъминоти бўйича режаларни кўриб чиқди
Май 27, 2025. 20:52 • 2 дақ
• 89
ТОШКЕНТ, 27 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга бугун ичимлик суви ва оқова тармоқларини кенгайтириш борасидаги ишлар юзасидан ахборот берилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, аҳолининг турмуш сифати ва саломатлигида ғоят муҳим бўлган бу йўналиш изчил кенгайтириб борилмоқда. Ижтимоий ва ҳудудий дастурлар доирасида кўплаб иншоотлар барпо этилмоқда. Ҳозирга келиб, аҳоли мавзеларининг 81 фоизи ичимлик суви, 20 фоизи оқова тизими билан таъминланган.
Бу йил 1 минг 619 километр ичимлик суви, 521 километр оқова сув тармоқларини тортиш, 162 та иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Буларнинг натижасида 715 минг аҳолига илк бор марказлашган ичимлик суви етиб боради, яна 400 минг нафари оқова хизмати билан қамраб олинади.
Мутасаддилар шу борадаги ишларнинг бажарилиши бўйича ахборот берди.
Халқаро молия институтлари иштирокида 21 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу йил 800 миллион долларлик ишларни бажариб, 138 та сув иншоотини ишга тушириш режалаштирилган.
Осиё тараққиёт банки ва Германия тараққиёт банки билан лойиҳа олди молиялаштириш бўйича яхши тажриба йўлга қўйилди. Бунда пудратчи ва лойиҳачи олдиндан танлангани учун амалий ишлар бошланиши тезлашди. Келгусида барча лойиҳаларда шу тартибни қўллаш мақсадга мувофиқлиги айтилди.
Сув таъминоти тизимини рақамлаштириш учун Осиё тараққиёт банкидан 125 миллион доллар жалб қилинган. Бу лойиҳа доирасида беш йилда йирик сув иншоотлари ва магистрал қувурларга 4 минг 800 та "ақлли" ҳисоблагич ва қарийб 3 мингта телеметрия тизими ўрнатилади.
Соҳада халқаро ҳамкорлик ва хусусий шериклик ривожланиб бораётганидан келиб чиқиб, ушбу талабларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Президенти Япониянинг “Sumitomo Corporation” компанияси президентини қабул қилди