Ўзбекистон Президенти кичик бизнес ўсиши учун қулай шароитлар яратиш бўйича таклифларни кўриб чиқди
Май 26, 2026. 19:29 • 3 дақ
• 89
ТОШКЕНТ, 26 май. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун кичик бизнес субъектлари ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шароитлар яратишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, кичик бизнес иқтисодиётда бандлик, даромад ва рақобат муҳитини таъминлайдиган муҳим тармоқ ҳисобланади. Шу боис, сўнгги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш ва давлат хизматларини соддалаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, амалдаги айрим тартиботлар бизнеснинг табиий ўсишига тўсқинлик қилмоқда. Хусусан, кичик бизнес субъектлари тушуми 1 миллиард сўмгача бўлганда соддалаштирилган солиқ режимида ишлайди. Ушбу чегарадан ошганда эса қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўлашга ўтади.
Мазкур чегара 2019 йилда белгиланган бўлиб, ўтган даврда нархлар сезиларли равишда ошди. Натижада айрим тадбиркорлар 1 миллиард сўмлик чегарага яқинлашганда айланмани яшириш, чек бермаслик ёки бизнесни бир нечта субъектга бўлиш амалиётига ўтмоқда.
Тақдимотда 2026 йил 1 июндан кичик бизнес учун умумий солиқ режимига ўтишдаги чегаравий миқдорни 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга ошириш таклиф қилинди.
Шунингдек, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун қўшилган қиймат солиғини тўлашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш ташаббуси билдирилди. Унга кўра, тадбиркорлар ихтиёрий равишда 6 фоиз ставкада ҚҚС тўлаб, фойда солиғидан озод этилиши ёки амалдаги умумий тартибда ишлашни давом эттириши мумкин бўлади.
Бу орқали кичик бизнес учун солиқ ҳисоблаш ва тўлаш жараёни соддалашади, маъмурий юк камаяди, айланмаларни яшириш ва бизнесни сунъий бўлишга рағбат пасаяди.
ҚҚС маъмуриятчилигидаги мураккабликлар ҳам таҳлил қилинди. ҚҚСга ўтган тадбиркорларда ҳисоботлар сони 2 бараварга ошмоқда. 2025 йилда ҳисоботларда хато аниқланган солиқ тўловчиларнинг 77 фоизи ҚҚС тўловчиларининг ҳиссасига тўғри келган.
Шу боис, паст хавф даражасига эга тадбиркорлар учун ҚҚСнинг салбий фарқини автоматик қайтариш, ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш тартибини бекор қилиш, импорт бўйича мажбурий ҚҚСга ўтиш амалиётини қайта кўриб чиқиш ва банк ҳисобрақамларини очиш жараёнини автоматлаштириш таклиф этилди.
Кичик бизнес субъектларига нисбатан маъмурий босимни камайтириш мақсадида тадбиркорга хатоларни мустақил тузатиш имкониятини бериш ҳамда солиқ хавфи 500 миллион сўмгача бўлган ҳолатларда солиқ аудити, 100 миллион сўмгача бўлганда эса сайёр солиқ текширувини ўтказмаслик тартибини жорий этиш таклиф қилинди.
Умумий овқатланиш ва меҳмонхона хизматлари соҳасида ҳам бир қатор енгилликлар назарда тутилган. Жумладан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини нақд шаклда реализация қилишга рухсат бериш, ҚҚСнинг бир қисмини қайтаришда нақд пулсиз тушум улуши доир талабни бекор қилиш, айрим ходимларни соддалаштирилган тарзда расмийлаштириш таклиф қилинди.
Ушбу чоралар 600 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти учун қонуний ўсиш имкониятини ошириши кутилмоқда. Солиқ базаси шаффофлашиши ҳисобига бюджетга йилига камида 2 триллион сўм қўшимча тушум тушиши прогноз қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари ушбу таклифларни маъқуллаб, кичик бизнесга қулай ва адолатли шароит яратиш, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ҳамда рақамлаштириш орқали тадбиркорларни фаолиятини кенгайтиришга рағбатлантириш ва ишончини мустаҳкамлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ўзбекистон Президенти кўмир саноатини ривожлантириш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича режаларни кўриб чиқди



