Logo

Ўзбекистон Президенти қишлоқ ва сув хўжалиги учун муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқди

Март 10, 2026. 19:42 • 3 дақ

121
Ўзбекистон Президенти қишлоқ ва сув хўжалиги учун муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқди

ТОШКЕНТ, 10 март. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун қишлоқ ва сув хўжалиги учун муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, кўп соҳаларда илм реал ҳаётдан узоқлашиб кетгани, қишлоқ ва сув хўжалигида ҳам айрим йирик лойиҳаларни амалга оширишда илмий асослаш ва экспертизага етарлича эътибор қаратилмаётгани, олимлар ва тадқиқотчиларнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилди. Натижада баъзи лойиҳалар кутилган самарани бермаётгани таъкидланди.

Ҳозирги кунда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети 11 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, 7 та факультет, 37 та кафедра ва 38 та таълим йўналиши фаолият юритмоқда. Битирувчиларнинг бандлик даражаси 93 фоизни ташкил этади. Университетда хорижлик талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг сони ҳам изчил ошиб бормоқда.

Шу билан бирга, муҳандис кадрларни тайёрлашда назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида дуал таълим тизимини кенг жорий этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Таклиф этилган янги тизимга кўра, талабалар 4 кун назарий билим олади, 2 кун ишлаб чиқариш корхоналарида ҳақ тўланадиган амалиёт ўтайди. Жумладан, сув хўжалиги йўналишида сувни тежаш ва суғоришни самарали ташкил этиш, гидротехника ва гидроэнергетика соҳасида каналларни бетонлаш, смета тузиш ва кичик гидроэлектр станциялар қурилишида иштирок этиш, қишлоқ хўжалигини механизациялаш йўналишида техникаларни тайёрлаш ва ҳосилни йиғиштириш ишларида қатнашиш имконияти яратилади.

Мамлакатимиз сув ресурсларининг катта қисми трансчегаравий манбаларга боғлиқлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис, сув ресурслари соҳасида дипломат кадрларни тайёрлаш муҳим стратегик вазифалардан бири экани таъкидланди.

Читайте также

Университетда ташкил этилган “Халқаро сув дипломатияси” магистратура дастурини кенгайтириш ва давлат гранти асосидаги қабул ўринларини кўпайтириш таклифи маъқулланди. Бу дастур орқали қўшни давлатлар учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган.

Тақдимотда университетнинг илмий-инновацион салоҳиятини кучайтиришга қаратилган янги ташаббуслар ҳам маълум қилинди. Хусусан, дронлардан фойдаланиб, экин майдонларини мониторинг қилиш, ҳосилдорликни прогнозлаштириш, зараркунандаларга қарши курашиш каби хизматларни, космик мониторинг маълумотлари асосида илмий тавсиялар ишлаб чиқишни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Шу мақсадда университетда дронларни бошқаришга ўқитиш курслари жорий этилади, космик тадқиқотлар ва сунъий йўлдошлар лабораторияси, комплекс илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил этилади.

Бундан ташқари, университетда рақамли бошқарув ва KPI тизимларини жорий этиш, таълимнинг узлуксиз “мактаб – техникум – университет – ишлаб чиқариш” занжири асосида кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантириш бўйича режалар ҳам маълум қилинди.

Тақдимот якунида давлатимиз раҳбари қишлоқ ва сув хўжалиги соҳалари учун муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда илғор технологияларни кенг жорий этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш