Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар
Март 05, 2026. 22:35 • 2 дақ
• 134
ТОШКЕНТ, 5 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида Ўзбекистон етакчиси Озарбайжон ҳудудига учувчисиз учиш аппаратлари билан уюштирилган ҳужумларни кескин қоралаб, жароҳат олганларнинг тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Cўнгги кунларда Яқин Шарқ минтақасида кузатилаётган кескинликнинг авж олиши кўплаб тинч аҳолининг қурбон бўлишига олиб келаётгани ва жиддий хавотир уйғотаётгани алоҳида қайд этилди.
Муборак Рамазон ойида рўй бераётган бундай воқеалар умуминсоний қадриятларга, халқаро нормалар ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойилларига зид экани таъкидланди.
Ўзбекистон етакчиси фуқароларимизни Эрондан Озарбайжон ҳудуди орқали хавфсиз эвакуация қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ва яратилаётган шароитлар учун Илҳом Алиевга миннатдорлик билдирди.
Озарбайжон Президенти, ўз навбатида, давлатимиз раҳбарига дўстона суҳбат ва синовли дамларда кўрсатилган қўллаб-қувватлов учун алоҳида ташаккур изҳор этди.
Сурат Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинди
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси