Ўзбекистон Президенти футбол бўйича миллий терма жамоа аъзолари билан учрашди

Май 22, 2026. 19:25 • 4 дақ

89
Ўзбекистон Президенти футбол бўйича миллий терма жамоа аъзолари билан учрашди

ТОШКЕНТ, 22 май. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари, мураббийлар штаби, соҳа фахрийлари ва спорт жамоатчилиги вакиллари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчиси терма жамоанинг АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олгани халқимиз учун тарихий воқеа бўлганини таъкидлади.

Футбол мухлисларимиз бу кунни 34 йил кутди. Миллий терма жамоа аъзолари ҳар бир ўйинга юксак масъулият, ватанпарварлик руҳи ва ғалабага ишонч билан майдонга тушиб, мамлакатимиз футбол тарихида янги саҳифа очди.

Президентимиз футболчилар, уларни тарбиялаб вояга етказган ота-оналари, устоз ва мураббийларга миннатдорлик билдирди.

– Футболчиларимизни Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очган замонамиз қаҳрамонлари деб айтсак арзийди. Улар халқимизга олам-олам қувонч бағишлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Учрашувда миллий терма жамоанинг муваффақияти нафақат спорт соҳаси, балки бутун жамият ҳаётида катта руҳий кўтаринкилик уйғотгани қайд этилди. Бугун футболчилар ёшлар учун ҳақиқий намунага айланди, спортга қизиқиш янада ортди, адабиёт ва санъат аҳли, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик бу тарихий натижадан илҳом олмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда спортни, хусусан, футболни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жойларда 200 дан зиёд йирик спорт иншооти, 4 мингга яқин хусусий спорт клублари иш бошлади. 1,5 мингдан ортиқ маҳаллада спорт майдончалари қурилди. Пойтахтимизда замонавий Олимпия шаҳарчаси барпо этилди, Юқори Чирчиқда Миллий футбол маркази ишга туширилди. Ҳар бир вилоятда профессионал футбол академияси ва футбол мактаблари ташкил қилинди.

Бу ишлар натижасида ҳаваскор футболчилар сони 5 миллионга етди. Футбол билан мунтазам шуғулланувчилар 1 миллион 300 мингдан ошди, профессионал футболчилар 17 минг нафарга етди.

Давлатимиз раҳбари футболда очиқ ва шаффоф тизим яратилгани, коррупция ва таниш-билишчилик каби иллатларга барҳам берилиши иқтидорли ёшларни катта майдонга олиб чиққанини таъкидлади.

Учрашувда футболни маҳаллаларгача кенг ёйиш, уни ёшлар тарбияси, соғлом турмуш тарзи, интизом ва ватанпарварлик мактабига айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу мақсадда “Ҳар бир маҳалла – футбол майдони” дастури бошланиши белгиланди. Мазкур ташаббус умуммиллий ҳаракатга айлантирилади.

Дастур доирасида “Маҳалла лигаси” ташкил этилиб, 12-17 ёшли ўғил-қизлар ўртасида маҳалла футбол жамоалари тузилади. Ҳар йили ҳаваскор футболчилар иштирокида “маҳалла – туман – вилоят – республика” босқичларидан иборат мусобақалар ўтказилади.

Таъкидланганидек, “Маҳалла лигаси” энг яхши иқтидорларни саралашда профессионал клублар учун муҳим база бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир болага ўз маҳалласида футбол билан шуғулланиш, мусобақаларда иштирок этиш ва истеъдодини намоён қилиш имконияти яратилади.

Учрашувда миллий терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штаби фаолияти ҳам алоҳида қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари Фабио Каннаварони жаҳон футболида катта тажрибага эга мутахассис сифатида таърифлади. У 2006 йилда Италия терма жамоаси сардори сифатида жаҳон чемпиони бўлган, ўша йили дунёнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилиб, “Олтин тўп” совринини қўлга киритган.

Қайд этилганидек, мураббийлар штаби футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, интизоми, тактик ёндашуви ва ҳар бир деталга масъулият билан қараш бўйича янги талабларни жорий этмоқда. Жамоа ўйинида тўғри позиция танлаш, юқори прессинг, тўп назорати ва тезкор қарши ҳужумлар каби замонавий футбол элементлари кучаймоқда.

Президентимиз Фабио Каннаварони мураббий сифатида мундиалдаги биринчи иштироки билан табриклаб, мураббийлар штабига муваффақият тилади.

Давлатимиз раҳбари жаҳон чемпионатида осон ўйин бўлмаслигини, миллий терма жамоа Португалия, Колумбия ва Конго каби кучли жамоаларга қарши майдонга тушишини таъкидлади. Шу билан бирга, футболчиларимиз аллақачон тарих яратгани, энди улар муҳим учрашувларда ортиқча босимсиз, бор куч-ғайрати билан Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилиши зарурлиги қайд этилди.

Мундиал ўйинларида фан-клублар, минглаб футбол мухлислари ва Америкадаги ватандошларимиз стадионларда жамоамизни қўллаб-қувватлайди.

– Эл-юртимиз сизларга ишонади, Президент сизларга ишонади. Боринглар, мардонавор ўйнанглар, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилинглар, – деди давлатимиз раҳбари.

Учрашув самимий ва кўтаринки руҳда ўтди. Миллий терма жамоага жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш, янги зафарлар ва омад тилаб қолинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш