Ўзбекистон ва АҚШ Президентлари телефон орқали икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар

Август 07, 2026. 19:50 • 2 дақ

156
Ўзбекистон ва АҚШ Президентлари телефон орқали икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат

ТОШКЕНТ, 7 август. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида Ўзбекистон етакчиси Дональд Трампни АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги билан яна бир бор табриклади.

Президент Трамп, ўз навбатида, Ўзбекистон-Америка муносабатлари мисли кўрилмаган даражага етганини ҳамда икки мамлакат етакчилари ўртасида ишончга асосланган яқин мулоқот ўрнатилганини таъкидлади.

Олий даражада эришилган барча келишувларнинг изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилиб, стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларини қамраб олган икки томонлама мулоқот ва алмашинувларнинг жадал суръатига юқори баҳо берилди.

Уч йиллик иқтисодий ҳамкорлик дастури изчил амалга оширилмоқда. Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон ҳудудлари ва Америка штатлари ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. АҚШ фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилгани ишбилармонлик алоқаларининг фаоллашувига хизмат қилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, инфратузилма, энергетика, металлургия, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Халқаро аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинар экан, глобал хавфсизликни таъминлаш, халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Етакчилар бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.

Суҳбат якунида Президент Шавкат Мирзиёев Президент Дональд Трампга ўзи учун қулай вақтда расмий ташриф билан мамлакатимизга келишни таклиф қилди.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш