Бахтиёр Саидов: Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги стратегик шериклик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди
Август 07, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 45
ТОШКЕНТ, 7 август. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Самир Пол Капур билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси, жаноб Самир Пол Капур билан мазмунли учрашув бўлиб ўтди, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Суҳбат давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик сўнгги йилларда мутлақо янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасидаги яқин мулоқот бугунги ҳамкорлигимизга янги суръат бағишламоқда.
Мулоқот давомида икки томонлама муносабатларни янада кенгайтириш, турли даражадаги бўлажак тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш масалаларини атрофлича муҳокама қилдик.
Шунингдек, “С5+1” формати доирасидаги ҳамкорлик ҳамда минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашдик”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 4 август куни Деҳлида АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор билан учрашган эди.
“Дунё” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси