Logo

Сирдарё вилоятида агросаноатни ривожлантириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди

Май 05, 2025. 20:13 • 2 дақ

61
Сирдарё вилоятида агросаноатни ривожлантириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди

ТОШКЕНТ, 5 май. /"Дунё" АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишларни янги ёндашувлар асосида ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Сирдарё вилояти ҳудуд жиҳатидан кичик бўлса-да, аслида, қишлоқ хўжалигида катта салоҳиятга эга. Асосий майдонлар дарё ва каналлар бўйида жойлашган, аҳолиси меҳнаткаш, барча инфратузилма қулай.

Йиғилишда туманлардаги манзилли ўрганишлар таҳлил қилиниб, янги таклиф ва режалар кўриб чиқилди.

Экинларни ерларнинг тупроқ-иқлим хусусиятидан келиб чиқиб етиштириш, чўл ҳудудларда ғалла, сабзавот ва картошка ҳосилдорлигини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

Суғориш тармоқларини таъмирлаб, икки йилда 20 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш режалаштирилмоқда.

Озиқ-овқат лойиҳалари учун ҳам имкониятлар кўп. Жумладан, Оқолтин, Гулистон ва Боёвут туманларидаги 9 минг гектарда 3 та йирик чорвачилик мажмуасини ишга тушириш, 7 минг гектарда янги технология асосида пахта етиштириш мўлжалланган.

Вилоятда 10 минг гектар боғ ва токзор бор. Уларнинг ярмидан кўпида нав ва агротехнология эскилиги учун мева-сабзавот харидоргир эмас. Шу боис 2 минг гектар боғни янгилаб, хорижда энг харидоргир мевалар етиштириш, қолганини талабгорларга таклиф этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, бу йил "Ўнг тармоқ" туманлараро каналининг 607 километрини реконструкция қилиш ва рақамли бошқарувга ўтказиш лойиҳаси якунланади. Натижада 35-40 фоиз сув тежалади, 27 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади.

Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва аҳоли бандлигини таъминлаш, озиқ-овқатга бўлган ички талабни тўлиқ қоплаш, қайта ишлаш ва экспорт қувватларини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш