Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитидаги нутқи

Май 15, 2026. 18:40 • 7 дақ

46
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитидаги нутқи

(2026 йил 15 май, Туркистон ш.)


Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Авваламбор, қадимий ва навқирон Туркистон шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий мулоқотини ўтказиш ташаббуси, барчамизга кўрсатилаётган юксак эҳтиром ва анъанавий меҳмондўстлик учун Қозоғистон Республикаси Президенти, ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга чин дилдан ташаккур изҳор этаман.

Шунингдек, Тузилмамизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш йўлида улкан саъй-ҳаракатларни амалга ошираётган Озарбайжон Республикаси Президенти, ҳурматли Илҳом Ҳайдарович Алиевга самарали раислиги учун самимий миннатдорлик билдираман.

Бугунги анжуман мусулмон умматининг улуғ айёми –муборак Қурбон ҳайити арафасига тўғри келаётганида чуқур рамзий маъно мужассам. Зеро, бизнинг қадимий тарихимиз, муқаддас динимиз, маданий ва маърифий илдизларимиз, азалий қадрият ва анъаналаримиз муштарак.

Гўзал Туркистон шаҳри Буюк ипак йўлининг муҳим савдо ва маданият маркази ҳисобланган. Мазкур заминда улуғ аждодимиз Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари мангу ором топган. Бу табаррук кент биз учун, аввало, халқларимиз бирлиги ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин тимсолидир.

Ҳурматли Президент Қасим-Жомарт Кемелевичнинг халқимизнинг қардош Қозоғистон элига дўстлик туҳфаси сифатида барпо этилган муҳташам жоме масжиди ҳақида ҳозир билдирган самимий фикрлари учун раҳмат айтмоқчиман.

Қозоғистон раҳбариятининг Туркистоннинг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган улкан бунёдкорлик ишлари ушбу кўркам масканни қардош халқларимизнинг умумий маънавий марказларидан бирига айлантириши шубҳасиз.

 

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Бугунги учрашувимиз жаҳонда турли зиддиятлар тобора авж олаётган даврга тўғри келмоқда. Халқаро муносабатларда ишонч тақчиллиги янада кучайиб, глобал институтларнинг ўрни ва таъсири борган сари заифлашмоқда. Бу муаммолар биздан ўзаро мулоқотларни фаоллаштириб, муҳим масалалар бўйича уйғун позицияларни ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Туркий дунёнинг интеграцияси бу халқларимиз тақдирига бевосита дахлдор бўлган узоқ муддатли стратегик масаладир.

Сўнгги йилларда Туркий давлатлар ташкилоти барқарор ривожланиш суръатларини намойиш этаётган нуфузли тузилмага айланди. Масалан, 2025 йилда давлатларимизнинг умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошди ва унинг динамикаси глобал ўсишдан икки баробар юқори (6,8 фоиз) бўлди.

Ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистоннинг Ташкилот мамлакатлари билан савдо айланмаси 14 фоизга ўсди (11 миллиард доллар). Жорий йилдан Туркий инвестиция жамғармаси операцион фаолиятини бошлади, Марказий банклар кенгаши, Яшил молиялаштириш бўйича Туркий кенгаш иши йўлга қўйилди.

Буларнинг барчаси Ташкилотимизнинг институционал жиҳатдан тобора мустаҳкамланиб бораётганини яққол тасдиқлайди.


Қадрли дўстлар!

Олдимизда кўп қиррали муносабатларимизга тизимли тус бериш бўйича долзарб вазифалар турибди.

Бугунги саммитнинг сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш мавзусига бағишлангани бежиз эмас. Ўлкаларимизда яшаб, ижод қилган улуғ боболаримиз – Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек алгоритм, математика, астрономия ва физика фанлари равнақига беқиёс ҳисса қўшиб, шу тариқа ҳозирги сунъий интеллект ривожи учун асос яратганлар.

Биз аждодларимизнинг ана шундай бебаҳо меросига таяниб, бугун Туркий дунёнинг янги рақамли тараққиёт даврини барпо этяпмиз. Бу йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш учун бир қатор ташаббусларни илгари сурмоқчиман.

Биринчидан, Ташкилотимиз доирасида сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш – бугунги давр талаби.

Мазкур самарали механизм орқали биз иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини белгилаш, булутли ва квант ҳисоблаш технологияларини ривожлантириш, очиқ ва замонавий ягона рақамли маконни яратиш имконига эга бўламиз.

Ўзбекистон сўнгги йилларда хорижий инвесторлар билан дата марказлар яратишга 6 миллиард доллар сармоя жалб этмоқда. Биз минтақадаги дата марказларини юқори тезликдаги алоқа каналлари билан боғлайдиган “Рақамли туркий коридор концепцияси”ни ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Мазкур соҳадаги амалий алоқаларимизни янада кучайтириш мақсадида Тошкент шаҳрида аъзо давлатлар иштирокида Технологиялар форумини ўтказишни режа қилганмиз.

Шунингдек ўқинг

Иккинчидан, илм-фан, таълим ва ёшлар масалаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш – умумий мақсадимиз.

Илмий-маънавий меросни пухта ўрганиш ва тарғиб этиш учун Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази минтақавий йирик илмий-маърифий масканга айланиб бормоқда. Шу кунларда мажмуада ТУРКСОЙнинг офиси очилганини олқишлаймиз. Ушбу марказ ТУРКСОЙ ва Туркий академия билан тарихий-маданий манбаларимизни ягона “катта маълумотлар” платформасига жамласа, халқларимиз учун фойдали иш бўлар эди.

Шу билан бирга, Яссавий тариқатининг бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғояларини ҳамкорликда чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этишни таклиф қиламиз.

Хабарингиз бор, шу йил Хива шаҳрига “Туркий дунё ёшлари пойтахти” мақоми берилди. Бу қарор, айниқса, ўғил-қизларимизга кучли мотивация бағишлади. Тадбирлар доирасида Ёш лидерлар форуми ва Халқаро ёшлар фестивалини ўтказишга тайёрмиз.

Айтиш жоизки, биз шиддат билан ўзгараётган замон талабларига мос ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш мақсадида “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” дастурини амалга оширяпмиз. Ҳозирга қадар мазкур лойиҳа орқали 1 миллиондан ортиқ ўғил ва қизларимиз бошланғич кўникмаларга эга бўлди.

Ёшларнинг истиқболли стартаплари, инновацион ишланмалари, сунъий интеллектга асосланган турли ечимларини молиялаштириш учун биз Қозоғистон билан тузаётган Қўшма венчур жамғармасига Ташкилотнинг барча аъзоларини қўшилишга чорлаймиз.

Учинчидан, транспорт боғлиқлигини яхшилаш учун рақамли логистика платформаларини яратиш ва интеграция қилиш долзарб аҳамиятга эга.

Шу ўринда Ўзбекистон ва Ташкилотга аъзо барча давлатлар ўртасида “Е-Permit” электрон рухсатномалар тизими тўлиқ ишга туширилганини катта мамнуният билан таъкидламоқчиман. Ўрта коридорнинг стратегик ролидан келиб чиқиб, биз уни айни пайтда қурилаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли билан боғлашга катта эътибор қаратамиз.

Чегараларда божхона ва транзит тартиб-таомилларини енгиллаштириш бўйича имзоланган Соддалаштирилган божхона йўлаги ҳақидаги битимни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда маълумотлар алмашувини тўлиқ рақамлаштиришимиз зарур. Бу логистика занжирлари бўйлаб маълумотлар узатиш, юкларни кузатиш ва жараёнларни уйғун ҳолда ташкил этиш имконини беради.

Тўртинчидан, экологик муаммолар ва иқлим ўзгариши давлатларимиздан мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга оширишни талаб этмоқда.

Бу каби муаммоларга самарали ечим топиш учун сунъий йўлдош маълумотлари асосида Туркий давлатлар ташкилоти иқлим хатарларини мониторинг қилиш тизимини яратиш муҳим. Бунда қурғоқчиликни барвақт аниқлаш, тупроқнинг емирилиши ва музликларнинг эриши билан боғлиқ ҳолатни доимий кузатиб бориш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш соҳасига сунъий интеллектни жорий этишга эътибор қаратиш лозим.

Тошкентдаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида Туркий давлатлар ёшлари учун 2026-2027 ўқув йилларида 50 та грант ажратилди. Ёшларимизни ушбу имкониятдан унумли фойдаланишга чақирамиз.

Экология масалаларига эътиборни янада кучайтириш мақсадида Ташкилотимиз доирасида 2027 йилни “Табиатни асраш йили” деб эълон қилишни таклиф этамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни жорий йилда Самарқандда ўтадиган Глобал экологик жамғарма ассамблеясида ва Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форумида фаол иштирок этишга чақираман.

Яна бир масала. Терроризм, экстремизм ва ёт оқимларга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдормиз. Бу жараёнда киберхавфсизлик соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш ва замонавий мутахассислар тайёрлаш, тезкор ахборот алмашиш долзарб аҳамиятга эга.

Янги таҳдидларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш учун туркий дунё доирасида ягона хавфсизлик ва ишонч маконини яратишимиз лозим. Бу борада умумий механизм – Киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича Туркий альянсни тузиш ташаббусини илгари сураман.

Шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланишда этика ва ахлоқ меъёрларига қатъий риоя қилиш, айниқса, муҳим. Жорий йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Ташкилот ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлар раҳбарларининг қўшма учрашувида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.


Қадрли дўстлар!

Улуғ аждодимиз Аҳмад Яссавий ҳазратларининг “Девони ҳикмат” асарида бирдамлик ва аҳиллик борасида таъкидлаган қуйидаги сатрлари бугунги кунда янада теранроқ намоён бўлмоқда:

Туркий элга меҳр қилдим,

Бирлик йўлин ҳақ деб билдим.

Биз янги даврда давлатларимизнинг интеллектуал салоҳияти ва бунёдкорлик қудратини бирлаштира олсак, ҳеч шубҳасиз, туркий дунё илғор ечимлар, барқарор тараққиёт маконига айланади.

Асосий мақсадимиз – фарзандларимизга нафақат буюк тарихимизни, балки келажак авлодларимиз ҳам фахрланса арзийдиган бебаҳо меросни қолдиришдир.

Бугун қабул қилинадиган Туркистон декларацияси тили ва дили бир-бирига чамбарчас боғланган халқларимизнинг эзгу ниятларини янада мустаҳкамлаб, “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепциясида белгиланган юксак мақсадларга эришиш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлади деб ишонаман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш