Logo

"Арда Хива" мажмуаси – Янги Ўзбекистоннинг янги сайёҳлик марвариди

Август 09, 2025. 14:00 • 2 дақ

95
"Арда Хива" мажмуаси – Янги Ўзбекистоннинг янги сайёҳлик марвариди

ХИВА, 9 август. /"Дунё" АА/. Хива шаҳридаги "Ғовук" кўли атрофида ва унга туташ ҳудудда 24,5 гектар майдонда "Арда Хива" сайёҳлик маркази барпо этилган, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ҳудудда 7 та сайёҳлик объекти жойлашган. "Арда Хива" сайёҳлик мажмуаси бир вақтнинг ўзида 5 мингга яқин меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда 1080 ўринли 18 та меҳмонхона, 24 та ресторан ва кафе, 11 та ҳунармандчилик уйи, 200 та савдо мажмуаси ва 40 та дўконга эга шарқона бозор, 3 минг томошабинга мўлжалланган амфитеатр, заргарлик маркази, 2 минг кишига мўлжалланган очиқ ва ёпиқ аквапарк, 54 метрли кинотеатрлар, банклар, мусиқали фаввора ва бошқа туристик инфратузилма объектлари қад ростлаган.

Мажмуада "Ойига бир тадбир" концепцияси доирасида халқаро ва миллий миқёсда туристик-кўнгилочар тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Айни пайтда бу ерда анъанавий "Қовун сайли" фестивали – ширин қовунларнинг энг яхши навлари, миллий анъаналар ва ўзбекона меҳмондўстликни ўзида мужассам этган ноёб тадбир бўлиб ўтмоқда. Мажмуага ташриф буюрувчиларнинг йиллик сони 1 миллион маҳаллий ва 500 минг хорижий сайёҳга етиши кутилмоқда. Ҳудудда меҳмонларнинг ўртача қолиш муддати 2 кундан 3 кунгача узайди. Туристик хизматлар экспорти 1,5 баробар ошади, 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Ҳозирда мажмуада 500 киши иш билан таъминланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш