Жавдат Йилмаз: Ўзбекистон нафақат тараққий этмоқда, балки барқарор ривожланиш тамойиллари асосида ҳаракат қилмоқда
Ноябрь 11, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 187
АНТАЛИЯ, 11 ноябрь. /“Дунё” АА/. Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз ўзбекистонлик журналистлар билан COP31 доирасида ташкил этилган Ўзбекистон павильонидаги таассуротлари ҳақида ўртоқлашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ўзбекистон павильони жуда гўзал кўринишга эга. Унда мамлакатингизнинг миллий қадриятлари ва дунёқараши ўзининг ёрқин ифодасини топган.
Шу билан бирга, майдонда қатор ажойиб тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Биз ҳам уларни ўз кўзимиз билан кўриш имконига эга бўлдик ва бу тадбирлар бизда жуда илиқ таассурот қолдирди.
Ўзбекистоннинг экологик кун тартиби, жумладан, Орол денгизи муаммоси ҳақида тўхталар эканман, шуни таъкидлашни истардимки, бугунги янги даврда мамлакатингиз нафақат тараққий этмоқда, балки барқарор ривожланиш тамойиллари асосида ҳам фаол ҳаракат қилмоқда. Биз бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.
Қардош Ўзбекистон халқини чин дилдан қутлаймиз. Сизларга самимий миннатдорлик билдирамиз”, – деди Жавдат Йилмаз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий павильони 9 ноябрь куни Анталияда иш бошлаган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) тадбирлари доирасида тақдим этилди.
Унда 196 мамлакат вакиллари иштирок этмоқда, анжуманнинг “Амалий ҳаракатлар COP” концепциясида белгиланган бош мақсади глобал иқлим мажбуриятларини аниқ ечимларга айлантиришдан иборат.
Ўзбекистоннинг COP31даги иштироки миллий иқлим устуворликларини илгари суриш, халқаро шерикликни кенгайтириш ҳамда экологик лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этишга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси