Ислом цивилизацияси маркази ва “Дунё” АА ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Март 05, 2026. 19:29 • 2 дақ
• 110ТОШКЕНТ, 5 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида юртимиздаги оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида бугун пресс-тур ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу пресс-тур доирасида Ислом цивилизацияси маркази ҳамда “Дунё” ахборот агентлиги ўртасида ахборот ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган меморандум имзоланди.
Шунингдек, “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон”, “Ўзбекистон тарихи” ҳамда “Дунё бўйлаб” телеканаллари билан ҳам ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандумга кўра, Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, унда ўтказиладиган илмий, маданий ва маърифий тадбирларни кенг ва сифатли ёритиш, махсус репортажлар, таҳлилий материаллар ҳамда ахборот лавҳаларини тайёрлаб, кенг жамоатчиликка етказиш назарда тутилган.
17–21 март кунлари марказ ҳудудида кенг қамровли маданий-маърифий тадбирлар, халқ сайиллари ва байрам дастурлари ўтказилиши мақсад қилинган. Шу кунлари Наврўз байрами ҳамда Рамазон ҳайити муносабати билан турли тадбирлар ташкил этилиб, марказ кенг жамоатчилик учун очиқ бўлади.
Келгусида мазкур марказда халқаро ва глобал аҳамиятга эга бўлган кўплаб илмий, маданий ва маърифий тадбирлар ўтказиш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда, марказ етакчи оммавий ахборот воситалари билан ҳам ахборот ҳамкорлигини йўлга қўймоқда.
Пресс-тур доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун марказ бўйлаб махсус экскурсия ташкил этилди. Унда иштирокчилар марказ экспозициялари, жумладан, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс заллари билан танишиб, ислом оламининг бой илмий ва маданий меросига оид ноёб қўлёзмалар, асарлар ва экспонатлар ҳақида батафсил маълумот олди.
Тадбир иштирокчилари мазкур марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом оламининг бой илмий ва маънавий меросини намоён этувчи йирик маърифий масканга айланишини алоҳида таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


