Logo

Журналистлар Тошкент шаҳрида имконияти чекланган шахсларга ижтимоий ёрдам ва хизмат кўрсатишнинг янги механизмлари билан танишдилар

Июль 18, 2025. 19:07 • 4 дақ

146
Журналистлар Тошкент шаҳрида имконияти чекланган шахсларга ижтимоий ёрдам ва хизмат кўрсатишнинг янги механизмлари билан танишдилар

ТОШКЕНТ, 20 июль. /"Дунё" АА/. Тошкент шаҳрида имконияти чекланган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратишга қаратилган чора-тадбирлар билан яқиндан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан ўтказилган пресс-тур доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари аҳолининг заиф қатламлари билан ишлашда инклюзив ва инновацион ёндашувлар жорий этилаётган бир қатор муассасаларда бўлишди.

Журналистларга ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш, имконияти чекланган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Жорий йилнинг март ойидан бошлаб республикада 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган имконияти чекланган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилди. Ушбу хизмат болаларга ижтимоий, реабилитацион, педагогик ва бошқа зарур ёрдамни кўрсатади. Мазкур чора-тадбирлар болаларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашишга қаратилган бўлиб, илгари бола парвариши билан тўлиқ банд бўлган ота-оналарга касбий фаолиятга қайтиш имконини беради.

Пресс-тур иштирокчиларининг дастлаб манзили Яшнобод туманида жойлашган "Wunderkind" хусусий боғчаси бўлди. Бу ерда имконияти чекланган болалар учун кундузги парвариш хизмати фаолият юритмоқда. 9 нафар имконияти чекланган болаларни қамраб олишга мўлжалланган мазкур боғчада бугунги кунда 7 нафар бола таълим олмоқда. ОАВ ходимларига бу ерда кўрсатилаётган педагогик, ижтимоий ва реабилитация хизматлари намойиш этилди.

Кейинги манзил Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 1-сонли Кичик ҳажмли болалар уйи бўлди. Айни пайтда мазкур муассасада 9 нафар бола тарбияланмоқда, уларнинг 7 нафарига турли тиббий ташхислар қўйилган (Даун синдроми, дисплазия, анемия, анатомик юрак нуқсонлари), 2 нафари эса соғлом ҳисобланади. Таълим-тарбия жараёни индивидуал ёндашув асосида ташкил этилган бўлиб, 3 нафар бола ихтисослаштирилган боғчага боради, 3 нафари оммавий боғчага қабул қилинган, яна 3 нафари уй шароитида тарбияланади.

Муассасада ҳар бир болага индивидуал ёндашув, меҳр ва ғамхўрликка алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан бирга, болаларнинг оила муҳитида улғайиши, оилавий қадриятлар руҳида тарбияланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Тарбиячилар ҳар бир боланинг қизиқиши ва қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда индивидуал ривожланиш режалари ва ижтимоий интеграция дастурлари асосида таълим-тарбия ишларини олиб бормоқда. "Болалар тушлик ва кечки овқатга нима ейишни ўзлари танлашади, баъзида эса овқат тайёрлашда тарбиячиларга ёрдам беришади. Мазкур жараён уларда мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантиради", – деди боғча тарбиячиларидан бири.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ваучер асосида янги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ "Фаол ҳаётга қадам" дастури йўлга қўйилган. Ушбу дастур доирасида 18 ёшдан катта бўлган, мустақил ҳаёт кечириш имконияти чекланган шахсларга ваучер асосида бепул ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Улар орасида уй шароитида парвариш ва ёрдам, овқатлантириш, гигиена қоидаларига ёрдам, психологик кўмак ва тюторлик хизматлари бор. Мирзо Улуғбек туманидаги "Нодирабегим" маҳалласида ташкил этилган марказ ушбу дастур ижросининг муваффақиятли намунасидир. У 9 кишига мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 7 нафар ўзгалар парваришига муҳтож фуқарога хизмат кўрсатмоқда. Муассасада олий тоифали, кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга 5 нафар мутахассис фаолият юритади.

Шайхонтоҳур туманида жойлашган "Инсон" ижтимоий хизматлар марказида 12 тоифадаги муҳтож инсонларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Бунинг учун муассасада замонавий шароитлар яратилган. Мурожаатларни қабул қилиш, эҳтиёжни баҳолаш, хизматни белгилаш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари инсонларга қулай тарзда йўлга қўйилган.

Энг муҳими, эндиликда вазифа бир марталик ёрдам билан тугамайди. Ижтимоий хизматдан фойдаланувчининг кейинги ҳолати, ўзини ўнглаши ҳам мониторинг қилиб борилади. Бу ердаги барча жараёнлар рақамлаштирилган ва дахлдор ташкилотлар билан боғланган.

Шайхонтоҳур туманидаги марказда 25 нафар мутахассис ҳамда маҳаллаларда 51 нафар ижтимоий ходим фаолият кўрсатмоқда. Имконияти чекланган болалар ва шахслар, ёлғиз кексалар билан манзилли тарзда иш юритилмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари шу ернинг ўзида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган "Имкониятлар олами" муассасаси фаолияти билан ҳам танишдилар. Бу ерда гўдаклар учун эрта аралашув, имконияти чекланган болалар учун ижтимоий мослашув ва реабилитация, шунингдек, кундузги парвариш ва қараб туриш хизматлари ташкил этилган. Бугунги кунда муассасада 80 га яқин болага 12 нафар малакали ходим хизмат кўрсатмоқда.

Тур якунида журналистлар одамларнинг дарди билан яшайдиган мазкур даргоҳларни янада ривожлантириш, муассасаларда мавжуд камчиликларни ислоҳ қилиш бўйича фикр алмашдилар. Ташкилотчилар журналистларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб бердилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш