Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази покистонлик ёшларида катта таассурот қолдирди
Август 12, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 144ИСЛОМОБОД, 12 август. /“Дунё” АА/. Ўқув-машғулот йиғинларида қатнашиш учун юртимизга келган Покистоннинг “Aitchison College” ёш спортчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Покистонлик ёшлар Ўзбекистон Президенти ташаббуси асосида бунёд этилган марказда яратилган замонавий шарт-шароитлар, тарихий экспозициялар ва Ўзбекистоннинг кўп асрлик маданий меросини ўзида мужассам этган экспонатларни кўздан кечирди.
Ёш спортчиларга марказнинг бунёд этилиш тарихи, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг илмий-маърифий фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, юртимиз тарихида илм-фан, таълим, маданият ва маърифат тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиётида Мовароуннаҳр ва бугунги Ўзбекистон ҳудудининг тутган ўрни ҳақида сўз юритилди. Бу заминда асрлар давомида илм-фан ва маърифат марказлари шакллангани, буюк олимлар томонидан дунё илм-фани тараққиётига муҳим кашфиёт ва илмий мерос қолдирилгани таъкидланди.
Покистон делегацияси аъзолари марказ экспозициялари билан танишар экан, Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий меросини алоҳида эътироф этди. Айниқса, юртимизда илм-маърифат ва маданият ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалар ҳаёти ва ижодига бағишланган маълумотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Покистонлик ёш спортчиларнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи улар учун Ўзбекистоннинг бой тарихи, улуғ аждодлари ва бебаҳо илмий-маърифий мероси билан танишиш баробарида, икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларнинг яна бир муҳим кўриниши бўлди.
Мазкур сафар спорт соҳасидаги ҳамкорлик билан бир қаторда, Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, спорт мусобақалари халқларни бирлаштирса, тарих ва маданият улар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.
Шу билан покистонлик ёш спортчиларнинг Ўзбекистонда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинлари ниҳоясига етди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



