Logo

Самарқанд Ипак йўли тарихида янги саҳифа очмоқда

Июль 03, 2025. 16:46 • 2 дақ

739
Самарқанд Ипак йўли тарихида янги саҳифа очмоқда

САМАРҚАНД, 3 июль. /"Дунё" АА/. Бугун Шарқ гавҳари – қадимий Самарқанд шаҳрида "Ипак йўли" Бутунжаҳон сайёҳлик альянсининг халқаро мулоқоти (WTA Silk Road Dialogue) ўз ишини бошлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Форум Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Жаҳон сайёҳлик альянси томонидан Хитой Маданият ва туризм вазирлиги, Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги кўмагида, шунингдек, "Rocket DMC Uzbekistan", "Silk Road Samarkand", Хитой сайёҳлик агентликлари ассоциацияси ва бошқа тузилмалар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

"Ипак йўли" мулоқоти Бутунжаҳон туризм альянси учун йилнинг асосий воқеасидир. Унинг мақсади туризм соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ечимларни жорий этиш, истеъдодларни ривожлантириш, қишлоқларни қўллаб-қувватлаш ва маданий ҳамкорликни чуқурлаштиришдан иборат.

Мулоқот кун тартибидан Хитой ва Марказий Осиёда туризм бозорларини ривожлантиришнинг долзарб мавзулари, Ипак йўли бўйлаб янги сайёҳлик имкониятларини излаш, рақамли реклама ва маркетинг стратегияларига замонавий ёндашувлар, шунингдек, ноёб сайёҳлик маҳсулотларини яратиш масалалари ўрин олган.

Тадбирда "БМТ Туризм" ва WТА томонидан тайёрланган, барқарор туризм орқали маҳаллий ҳамжамиятларни ривожлантиришга қаратилган Қўшма "йўл харитаси" тақдим этилади. Ўзбекистон Хитойнинг Ипак йўлидаги яқин ва ишончли ҳамкори бўлиб, узоқ йиллардан буён икки томонлама муносабатларни ишонч билан мустаҳкамлаб келмоқда. Сиёсий ишончнинг мустаҳкам пойдеворига кўра, мамлакатлар Марказий Осиёда тақдири муштарак ҳамжамият яратиш ғоясини биргаликда илгари сурган ҳолда кенг кўламли соҳаларда ҳамкорликни фаол кенгайтирмоқда.

"Ипак йўли" мулоқоти минтақанинг туризм бозорларини ўрганиш, янги юналишлар ва маҳсулотларни ишлаб чиқиш, гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш учун қўшимча имкониятлар очади.

Тадбир "Ипак йўли" мулоқоти орқали яхшироқ келажакни қуриш" шиори остида ўтказилиб, пленар маърузалар, тематик давра суҳбатлари, "Ханчжоу " тадбири, туризм тақдимоти ва бошқа қатор сессияларни ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 11 сентябрда Хитойнинг Чэнду шаҳрида ташкил этилган Бутунжаҳон туризм альянси (WТА) халқаро, нотижорат ва нодавлат ташкилот ҳисобланади. "Яхшироқ туризм, яхшироқ ҳаёт, яхшироқ дунё" шиорини илгари сураётган Альянс туризмни барқарор ривожланиш, камбағалликни қисқартириш ва глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун кучли восита сифатида тарғиб этишни мақсад қилган.

Унинг таркибига 45 та давлатдан 259 аъзо киради, жумладан, миллий ва минтақавий туристик ассоциациялар, сайёҳлик компаниялари, илмий муассасалар, нодавлат ташкилотлар, ОАВ ва бошқалар. Ташкилот Хитой Маданият ва туризм вазирлиги томонидан фаол қўллаб-қувватланади ва Ипак йўлида туризмнинг келажаги йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштирувчи ғоялар, стратегиялар ва ҳамкорликлар учун глобал платформа сифатида хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш