Ташқи ишлар вазирлигида “Энг фаол китобхон” танлови ғолиблари тақдирланди
Сентябрь 03, 2026. 10:59 • 2 дақ
• 117
ТОШКЕНТ, 3 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ўртасида ўтказилган “Энг фаол китобхон” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу маърифий лойиҳа дипломатларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий дунёқарашини янада бойитиш мақсадида ташкил этилди.
Иштирокчилар ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари бўйича тузилган 30 та тест саволига жавоб бериб, ўз билим даражаларини синовдан ўтказдилар.
Қизғин кечган беллашув якунларига кўра, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси иккинчи котиби Сарвар Абдираҳимов фахрли 1-ўринни эгаллади.
Кадрлар ва таълим муассасалари бошқармаси кичик мутахассиси Дониёр Умаров 2-ўринга, Америка мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси иккинчи котиби Козимхон Хўжаев эса 3-ўринга лойиқ деб топилди.
Ғолибларга махсус дипломлар ҳамда сара китоблар тўпламлари, 1-ўрин соҳибига эса пул мукофоти тантанали равишда топширилди.
Таъкидлаш жоизки, Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ходимларнинг касбий ҳамда маънавий салоҳиятини ошириш, юксак мутолаа муҳитини шакллантиришга доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Бадиий ва илмий адабиётларга бўлган қизиқишнинг ортиб бориши дипломатларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириб, кундалик иш фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси