Logo

Ўзбекистонда "Дўстлик" фестивали бошланди

Июль 25, 2025. 17:23 • 2 дақ

170
Ўзбекистонда "Дўстлик" фестивали бошланди

ТОШКЕНТ, 25 июль. /"Дунё" АА/. Бугун Ўзбекистонда БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясига мувофиқ ҳар йили 30 июль куни нишонланадиган "Халқлар дўстлиги" кунига бағишланган "Дўстлик" фестивали бошланди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Фестиваль доирасида озодлик, барқарорлик ва давлатчилигимизнинг кўп асрлик тарихи тимсоли – "Янги Ўзбекистон" боғидаги Мустақиллик монументи пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси, миллий маданият марказлари, дўстлик жамиятлари вакиллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан сўнг матбуот анжумани бўлиб ўтди ва унда тадбир ташкилотчилари фестивалнинг мақсади ва дастури ҳақида маълумот берди.

Қайд этилганидек, юртимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш, хориждаги ватандошлар билан дўстона алоқалар ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ташкилотчилар кўра, бундай тадбирлар турли маданият ва миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фестиваль 31 июлга қадар давом этади ва унинг доирасида кўргазмалар, концертлар, шеърият кечалари, халқаро конференция ва бошқа тадбирлар ташкил этилади.

Шу билан бирга, юрт тараққиёти, ёшлар маънавиятини юксалтириш, халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ватандошлар, миллий маданият марказлари, ҳамкор вазирлик ва идораларнинг вакилларини "Халқлар дўстлиги" нишони билан тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтади. Шунингдек, миллий марказлар ўртасида ўтказилган онлайн танловлар натижаларини сарҳисоб қилиш ҳам ўрин олган.

Фестиваль нафақат пойтахтимизда балки мамлакатимиз ҳудудларида ҳам ташкил этиляпти. Мазкур анжуман Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли халқлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш учун яна бир имконият бўлиши кутилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш