Бугун Осакадаги "Expo 2025" кўргазмасида Ўзбекистон павильони тантанали тарзда очилади
Апрель 13, 2025. 14:18 • 2 дақ
• 894
ОСАКА, 13 апрель. /"Дунё" АА/. Бугун Япониянинг Осака шаҳрида "Expo 2025" кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

150 дан ортиқ иштирокчи давлатлар орасида Ўзбекистон павильони нуфузли "German Design Award"нинг "Аъло меъморчилик – ярмаркалар ва кўргазмалар" номинациясида олтин совринга сазовор бўлгани алоҳида эътиборга лойиқдир.
"Билимлар боғи" деб номланган ушбу павильон Германиянинг "Atelier Brückner" архитектура бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Унинг майдони тахминан 750 квадрат метрни ташкил этади.
Архитектура концепцияси маданий мерос ва замонавийлик уйғунлигини ифодаловчи анъанавий ўзбек туморидан илҳомланиб яратилган. Павильоннинг марказий элементи — ғишт ва лойдан тайёрланган конструкция мамлакатнинг бой тарихини намоён этади.
Павильоннинг юқори қисмида 8 метрлик ёғоч конструкция жойлаштирилган бўлиб, у мулоқот ва билим алмашиш учун очиқ майдон вазифасини бажаради. Бу қисм ҳар томондан очиқ бўлиб, анъанавий ўзбек декоратив санъатига хос ноёб ёруғлик нақшлари ва безакларини ҳосил қилади.
Экологик тозаликка алоҳида эътибор қаратилган – барча ишлатилган материаллар иккиламчи қайта ишланади ва кўргазма тугагандан сўнг биологик ёки техник циклга қайтарилади.
Ёғоч элементлар осон демонтаж қилиниши ва қайта ишлатилиши мумкин. Шунингдек, Осака ҳудудида етиштирилган япон қарағайидан тайёрланган ҳар бир устун махсус ёрлиқ билан жиҳозланган. Мазкур ёрлиқлар ҳар бир устун ҳақида смартфон орқали батафсил маълумот олиш имконини тақдим этади.
Ўзбекистон павильони барқарор ривожланиш ва маданий меросни асраб-авайлашга катта эътибор қаратган ҳолда, анъана ва инновациялар уйғунлигининг ёрқин намунаси сифатида намоён бўлмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси