Минскда Ўзбекистон ва Беларусь ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди
Июль 07, 2026. 11:44 • 2 дақ
• 83
ТОШКЕНТ, 7 июль. /“Дунё” АА/. Кеча Минск шаҳрида Ўзбекистон ва Беларусь ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усманов, Беларусь делегациясига эса ташқи ишлар вазири ўринбосари Павел Утюпин бошчилик қилди.
Очиқ ва дўстона руҳда ўтган музокаралар давомида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик кун тартибидаги кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон–Беларусь муносабатларининг жадал ривожланаётгани ҳамда кўп қиррали ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Асосий ютуқлар сифатида фаол сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқаларнинг ривожланиши, ўзаро савдо ҳажмининг барқарор ўсиши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қўшма чора-тадбирларнинг самарадорлиги, маданий-гуманитар алмашинувларнинг чуқурлашуви ҳамда кўп томонлама майдонлардаги конструктив ҳамкорлик алоҳида таъкидланди.
Томонлар ташқи ишлар вазирликлари Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли шерикликни янада чуқурлаштиришга фаол кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади.
Олий ва юқори даражадаги учрашувлар якунлари бўйича эришилган келишувларнинг амалга оширилиши жараёнини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, бўлажак тадбирлар ва ташрифларга тайёргарлик кўриш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни кучайтиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси