Logo

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Польшадаги ватандошлар билан мулоқот қилди

Октябрь 08, 2024. 11:47 • 2 дақ

390
Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Польшадаги ватандошлар билан мулоқот қилди

ВАРШАВА, 8 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматованинг Польшага ташрифи доирасида мамлакатимиз элчихонаси кўмагида ушбу давлатдаги ҳамюртларимиз билан очиқ мулоқот ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ватандошлар билан учрашувни Ўзбекистон элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев очиб берди. Элчи ватандошлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишдан асосий мақсад ҳақида тўхталди ва бундай шаклдаги учрашувлар давлат ҳамда унинг хориждаги фуқаролари ўртасида мустаҳкам кўприк ўрнатишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Дипломат Польшада ўзбек фуқаролари ҳамжамиятини мустаҳкамлаш элчихона фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканлигига эътибор қаратди.

Муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири – 27 октябрга белгиланган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўлди. Тадбирда сўзга чиққанлар ватандошларнинг ушбу сайловда фаол иштирок этиши нафақат бурч, балки Ўзбекистонда демократия ривожига қўшилаётган салмоқли ҳисса эканини таъкидладилар. Шунингдек, хориждаги Ўзбекистон фуқаролари учун "saylov.mfa.uz" веб-сайти ишга туширилгани маълум қилинди.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ўз маърузасида ватанидан ташқарида яшаётган фуқароларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган турли ташаббуслар ҳақида батафсил тўхталди. Хориждаги Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёшларимизнинг турли оқимлар ортидан кўр-кўрона эргашишларини олдини олиш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Омбудсман сайловга тайёргарликнинг бориши, олиб борилаётган сайлов кампаниясининг асосий жиҳатлари, Ўзбекистон сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар, улар асосида мамлакатимиз тарихида биринчи марта парламент сайлови мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилиши ҳақида батафсил маълумот берди.

Тадбир давомида иштирокчилар Польшадаги ўзбеклар ҳамжамиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон-Польша алоқаларини янада мустаҳкамлаш қаратилган тажриба ва ғоялари билан ўртоқлашдилар.

Ватандошлар, шунингдек, бўлажак парламент сайловларида фаол иштирок этишларини билдирдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш