Logo

АҚШнинг Мэриленд штатидаги ватандошлар учун сайёр консуллик қабули ташкил этилди

Июнь 12, 2025. 11:30 • 53 сония

52
АҚШнинг Мэриленд штатидаги ватандошлар учун сайёр консуллик қабули ташкил этилди

БАЛТИМОР, 12 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси дипломатлари томонидан ушбу мамлакатнинг Мэриленд штати Балтимор шаҳридаги юртдошларимиз учун сайёр консуллик қабули ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сайёр қабул давомида ватандошларга хорижга чиқиш биометрик паспортларини расмийлаштириш, муддати ўтган паспортлар ўрнига Ватанга қайтиш гувоҳномалари бериш, вақтинча ва доимий консуллик ҳисобига олиш, турли нотариал ҳаракатларни амалга ошириш каби консуллик хизматлари кўрсатилди.

Шунингдек, ҳамюртларимизга АҚШда ўзгариб бораётган миграция қонунчилиги ҳақида батафсил маълумот берилди. Мезбон давлат қонунларини ҳурмат қилиш, зарур ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштиришнинг муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, ватандошлар Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар жараёни, хусусан, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, илгари сурилаётган инвестициявий лойиҳалар ва рақамли хизматларни кенгайтириш бўйича ўзгаришлар билан танишдилар.

Ҳамюртларимизнинг Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш, турли соҳалардаги лойиҳаларда иштирок этиш имкониятлари хусусида ҳам фикр алмашилди. АҚШдаги ўзбек диаспора ташкилотлари билан ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг муҳимлиги алоҳида қайд этилди. Фаол ватандошларимизнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон элчихонаси фаолиятининг устувор йўналишлардан бири эканлиги таъкидланди.

Сайёр қабулга келган ҳамюртларимиз ўзларини қизиқтирган саволларга дипломатлардан батафсил жавоб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш