Малайзияда ўзбекистонлик талабалар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди
Октябрь 07, 2026. 15:21 • 2 дақ
• 177
КУАЛА-ЛУМПУР, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Малайзияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Малайзиядаги вакиллари ҳам иштирок этдилар.
Учрашув аввалида қатнашчиларга Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, хорижда таълим олаётган ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг доимий эътибор марказида эканлиги эътироф этилди.
Интерактив ва дўстона руҳда ўтган мулоқот чоғида Малайзиядаги ўзбекистонлик ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар иштирокида келажакда турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш бўйича фикр алмашилди. Ёшларимизнинг янги ғоя, таклиф ва ташаббуслари тингланиб, уларни қизиқтирган саволлар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, тадбир давомида дипломатик ваколатхона томонидан кўрсатилаётган консуллик хизматлари, жумладан, вақтинчалик консуллик рўйхатига ўтиш ва хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, Малайзияда таҳсил олаётган талаба ёшлар республикамиз ҳаётида фаол иштирок этишга, ватанимизни янада тараққий эттиришга ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Тадбир якунида Малайзиядаги ўзбек талабалари билан яқин келажакда турли маданий-маърифий ва спорт мусобақаларини ўтказишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси