Саудиядаги ватандошлар ўртасида футбол бўйича “Элчи кубоги” ўтказилди
Октябрь 07, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 113АР-РИЁЗ, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Саудия Арабистонидаги ватандошлар иштирокида футбол бўйича “Элчи кубоги” мусобақаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Спорт – соғлиқ гарови” шиори остида бўлиб ўтган спорт тадбири давлатимиз мустақиллигини кенг нишонлаш, хорижда истиқомат қилаётган юртдошлар ўртасида ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилди.
Мусобақада Саудия Арабистонининг турли олийгоҳларида таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларидан ташкил топган футбол жамоалари қатнашди.
Беллашувлар давомида иштирокчилар ўртасида дўстона ва соғлом рақобат муҳити шакллантирилиб, жамоавийлик, ўзаро ҳурмат ва спорт маданияти намойиш қилинди.
Иштирокчилар спорт бўйича ўз маҳоратларини кўрсатиш баробарида Ўзбекистон мустақиллик куни муносабати билан бир-бирини қутлаб, Ватанга дахлдорлик ва фахр туйғуларини намоён этди.
Ватандошларга маҳаллий давлат қонун-қоидаларига риоя этиш ва тақиқланган оммавий намойишларга қўшилмаслик зарурлиги бўйича алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ноқонуний миллатлараро тўқнашувларда қатнашишнинг салбий оқибатлари, экстремистик оқимларга қўшилмаслик ҳамда радикал, деструктив ва бошқа бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш бўйича профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди.
Мусобақада фаол қатнашган жамоалар ва иштирокчилар тақдирланиб, ғолиб ва совриндорларга “Элчи кубоги”, фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

