Logo

Польшадаги ватандошлардан тузилган жамоа футбол бўйича халқаро турнирда чорак финал босқичига чиқди

Июль 07, 2025. 10:29 • 2 дақ

58
Польшадаги ватандошлардан тузилган жамоа футбол бўйича халқаро турнирда чорак финал босқичига чиқди

КАТОВИЦЕ7 июль. /"Дунё" АА/. Польшанинг Катовице шаҳридаги "Mosir" стадионида "World Cup Katowice Internationals 2025" халқаро футбол турнири бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Турнир "Katowice Internationals Foundation" томонидан шаҳар ҳокимлиги ва WSB университети кўмагида ташкил этилди.

Унда 20 дан ортиқ давлатдан 28 жамоа иштирок этди. Иштирокчилар орасида мезбон мамлакатда яшовчи ўзбек диаспораси вакиллари, шунингдек, Польша, Украина, Фаластин, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакат фуқаролари бор эди.

Ташкилотчиларга кўра, турнир маданий мулоқотни ривожлантириш ва спорт орқали турли халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш мақсади ўтказилди.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, ватандошлардан тузилган Ўзбекистон терма жамоаси турнирда муносиб ўйин намойиш этиб, мусобақанинг чорак финалига чиқди.

Мамлакатимиз вакиллари томонидан кўрсатилаётган жамоавий ўйин, тактик юришлар, футболчиларнинг бир-бирини тушуниши каби профессионал жиҳатлар ишқибозлар ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур турнир халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида спорт ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга хизмат қилади.

"Katowice Internationals Foundation" раҳбари Марко Чилепининг айтишича, мазкур турнир Катовице шаҳри аҳолиси ва Польшанинг турли шаҳарларда яшовчи хорижликларни бирлаштиради.

"Турнирда 28 та терма жамоа иштирок этмоқда. Айни пайтга келиб чорак финал ўйинлари давом этяпти. Мазкур босқичга Польша, Ўзбекистон, Миср, Бразилия, Марокаш, Португалия, Нигерия ва Колумбия кураш олиб боряпти. Турнирга бўлган қизиқиш эса жуда юқори", – деди Марко Чилепи.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш