Logo

Жанубий Кореядаги ватандошлар Қурбон ҳайитини ўзбекистонлик имомлар билан биргаликда адо этишди

Июнь 09, 2025. 09:56 • 2 дақ

46
Жанубий Кореядаги ватандошлар Қурбон ҳайитини ўзбекистонлик имомлар билан биргаликда адо этишди

СЕУЛ, 9 июнь. /"Дунё"АА/. Корея Республикаси Мусулмонлар федерацияси қарори билан Қурбон ҳайити ушбу мамлакатда 7 июнда нишонланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Жанубий Кореяда вақтинчалик истиқомат қилаётган ватандошларимиз ҳам ушбу байрамни кўтаринки руҳда кутиб олдилар.

Бундан ташқари, Қурбон ҳайити арафасида Жанубий Кореяда бўлиб турган ватандошларимиз билан диний-маърифий суҳбатлар ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмий вакилларининг ушбу мамлакатга сафари уюштирилди.

Мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу ташриф доирасида Тошкент шаҳридаги "Хўжа Аламбардор" масжиди имом-хатиби Раҳимберди Раҳмонов, Бухоро вилояти Чор Бакр масжиди имом хатиби, "Баҳоуддин Нақшбанд" илмий тадқиқот маркази ходими Азизхўжа Иноятов, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Ҳабибулло Жўрабоев, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти проректори Жаҳонгир Рўзиев иштирокида Жанубий Кореядаги фуқароларимиз зич яшайдиган шаҳарларда маърифий суҳбатлар ўтказилмоқда.

Хусусан, 7 июнь куни ватандошларимиз Мокпо, Кванжу, Тэгу, Кимхе каби шаҳарларда имомларимиз билан биргаликда Қурбон ҳайти намозини адо этдилар.

Қурбон ҳайит намози ўқилган жойларда Ўзбекистондан келган имомларимиз давлатимиз раҳбарининг Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакатимиз халқимизга йўллаган байрам табригининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил сўзлаб бердилар.

Айниқса, мамлакатимиз раҳбари ўз табригидаги "қалбларимиз қувончга тўлган ушбу файзли кунларда хорижий давлатларда бўлиб турган ватандошларимизни ҳам бугунги улуғ айём билан чин дилдан қутлаб, уларга соғлик-омонлик, бахт ва омад тилаймиз", деган жумлалар Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган юртдошларимиз кўнглини тоғдек кўтарди.

Ватандошларимиз Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган, таҳсил олаётган, меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимиз орасида муқаддас динимизнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга, тинчлик-осойишталикнинг қадрига етишга, шукроналик ҳиссини кучайтиришга, дахлдорлик туйғусини оширишга қаратилган бундай маърифий тадбирларни мунтазам равишда ташкил этаётгани учун элчихонага, Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига ва ҳукуматимизга миннатдорлик изҳор қилдилар.

Қурбон ҳайити намозини адо этишда иштирок этган юртдошларимизга Ўзбекистон Мусулмонлар идораси имомлари томонидан ушбу байрам тарихи, муқаддас Ислом дини буюрган ибодатлар, Ватанни севиш, юртга садоқат, ота-онага хизмат қилиш, шукроналик ҳисси билан яшаш, мамлакатимизда маънавий қадриятлар юксалиши йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида маърузалар қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш