АҚШнинг Филадельфия шаҳридаги форумда Ўзбекистон диаспораси фаол иштирок этди
Май 14, 2026. 11:55 • 2 дақ
• 53ФИЛАДЕЛЬФИЯ, 14 май /“Дунё” АА/. Филадельфия шаҳрида АҚШдаги Осиё-Америка ва Тинч океани минтақаси жамоалари меросига бағишланган “AAPI Heritage Month Gala 2026” форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Филадельфия ва атроф ҳудудлардаги Осиё-америкалик бизнес ҳамжамиятини бирлаштирадиган “AABAGP” ташкилоти томонидан ташкил этилди. Мазкур тузилма минтақа бўйлаб Осиё жамоалари, бизнес ва жамоат ташкилотлари вакилларини бирлаштирувчи йирик ижтимоий тузилма ҳисобланади.
Форумда хитойликлар, ҳиндлар, корейслар, японлар, филиппинлар, покистонликлар, вьетнамликлар ва бошқа диаспора вакиллари, шунингдек Филадельфия шаҳар маъмурияти ҳамда бизнес тузилмалари вакиллари иштирок этди.
АҚШда бундай тадбирлар турли миллат ва жамоалар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма ташаббусларни муҳокама қилиш ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бу галги форумда илк бор ватандошлар “Vatan Global Alliance” диаспора ташкилоти номидан иштирок этди.
Иштирокчилар таъкидлашича, бундай тадбирларда қатнашиш АҚШ жамиятида ватандошларнинг мавқеини мустаҳкамлаш, бошқа миллий бирлашмалар ва жамоат-ишбилармон доиралари билан алоқаларни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг ижобий имижини тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.
Форум давомида ўзбекистонлик иштирокчилар бошқа диаспора ташкилотлари фаолияти билан танишди ҳамда Филадельфиянинг жамоат ва муниципал органлари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси








