Logo

Ўзбек қизи малай тили бўйича Малайзия Бош вазири турнири ғолиби бўлди

Май 10, 2026. 09:10 • 2 дақ

219
Ўзбек қизи малай тили бўйича Малайзия Бош вазири турнири ғолиби бўлди

КУАЛА-ЛУМПУР, 10 май. /“Дунё” АА/. 20 ёшли Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси Мадинабону Абдуллаева Халқаро малай тили бўйича Малайзия Бош вазири мусобақаси ғолиби бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Жорий йилги нуфузли халқаро мусобақада 21 та давлатдан 174 нафар иштирокчи қатнашди. Танлов бир неча босқичда ўтказилиб, биринчи ва иккинчи саралаш босқичларидан сўнг 50 нафар энг кучли иштирокчи финал босқичига йўл олди. Улар орасида ҳамюртимиз Мадинабону Абдуллаева ҳам бор эди.

Ҳал қилувчи беллашув натижаларига кўра, Мадинабону барча рақибларини ортда қолдириб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар эса Россия ва Хитой вакилларига насиб этди.

Куала-Лумпур шаҳридаги Малайзия туризм марказида ўтказилган тантанали тақдирлаш маросимида ғолибга турнир кубоги, 10 минг малайзия ринггити (2530 миллион сўм атрофида) миқдорида пул мукофоти ҳамда халқаро сертификат топширилди.

Мадинабону Абдуллаеванинг ушбу ютуғи Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга бўлиб, мамлакат вакилларининг мазкур халқаро танловда тўртинчи марта ғолиб чиқиши сифатида тарихда қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан Жануби-Шарқий Осиё давлатлари маданияти ва тилларини, хусусан малай ва индонез тилларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланган.

Ҳозирда Тошкент давлат шарқшунослик университетида Жанубий Осиё тиллари ва адабиёти олий мактаби фаолият юритиб, малай ва индонез тиллари мунтазам равишда ўқитилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Бухоро давлат университети ва Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида ҳам ушбу тиллар бўйича таълим йўлга қўйилган.

Туризм соҳасидаги алоқаларнинг кенгайиши, айниқса Малайзия ва Индонезиядан келаётган зиёрат туризми оқимининг ортиши ушбу йўналишга бўлган талабни янада кучайтирмоқда. Шу сабабли туризм, меҳмондўстлик ва таржимонлик соҳалари учун малай ва индонез тиллари бўйича 6 ойлик интенсив курслар ташкил этилган.

Келгусида ушбу тажрибани мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам, хусусан Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида кенг жорий этиш ва доимий амал қиладиган тизимга айлантириш режалаштирилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш