АҚШнинг Нью-Жерси штатида ўзбек ёшлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди
Июнь 05, 2026. 15:55 • 2 дақ
• 76НЬЮ-ЙОРК, 5 июнь. /“Дунё” АА/. АҚШнинг Нью-Жерси штатида ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир “Ўзбек–Америка жамияти” диаспора ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда ўзбек ёшлар уюшмалари ва фаоллари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Учрашувда Нью-Йорк, Нью-Жерси, Пенсильвания ва бошқа штатлардан келган талабалар, АҚШ олий таълим муассасалари битирувчилари, ёш мутахассислар, тадбиркорлар ва жамоат фаоллари иштирок этди.
Мулоқот чоғида хориждаги ўзбек ёшларини бирлаштириш, улар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳитини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар миллий ўзликни, маданият, анъана ва тилни асраб-авайлаш, шунингдек, ёш ватандошларнинг Ўзбекистон билан алоқаларини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Тадбир давомида ёшлар ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Меҳмонлар учун дўстона мулоқот ташкил этилиб, ўзбек миллий таомларидан иборат дастурхон тузатилди.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, бундай тадбирлар ёш ватандошлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва хориждаги ўзбекистонликларнинг фаол ҳамжамиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси








