Logo

Германиядаги ватандошлар ўртасида анъанавий "Davra Cup-2025" футбол турнири ўтказилди

Июнь 16, 2025. 16:36 • 4 дақ

195
Германиядаги ватандошлар ўртасида анъанавий "Davra Cup-2025" футбол турнири ўтказилди

БЕРЛИН, 16 июнь. /"Дунё"АА/. Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси кўмагида "Давра" ўзбек-немис жамияти томонидан Берлин шаҳрида Европадаги ватандошларимиз иштирокида футбол бўйича анъанавий "Davra Cup-2025" турнири ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

2013 йилдан буён мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган мазкур турнир ватандошларимиз дўстона муҳитни шакллантириш, улар ўртасида бирлик ва жипсликни таъминлаш мақсадида Германиянинг турли шаҳарларида ташкил этиб келинмоқда.

Одатдагидек турнирдан олдин қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Элчихонада бўлиб ўтган тадбирда ҳар бир жамоадан икки нафар вакил қатнашди. Дипломатия ваколатхона биносида ўтказилган маросим замонавий футбол тартиб-қоидаларига монанд тарзда шаффофлик билан ташкил этилди. Жорий йилги спорт тадбирида 24 жамоа 4 гуруҳга бўлиниб баҳс олиб боришига келишиб олинди.

Мусобақанинг очилиш маросимида сўзга чиққан юртимиз дипломатлари "Янги Ўзбекистон–2030" стратегияси доирасида республикамизда амалга оширилаётган ёшларга оид сиёсатнинг асосий йўналишлари ва пировард мақсадлари ҳақида маълумотлар бердилар. Бунда болалар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила манфаатларини ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилишни кучайтириш, оилани қўллаб-қувватлаш, жисмонан соғлом, маънавий жиҳатдан етук ва баркамол авлод етиштиришда оиланинг ижтимоий-маънавиятини юксалтиришда унинг ролини оширишга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, Германия ёшлари ва жамоатчилигини ўзбек халқи тарихи ва маданияти, республикамизнинг замонавий тараққиёти билан яқиндан таништириш, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ва академик алоқаларни мустаҳкамлашда ўзбекистонлик талабаларнинг иштироки муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Кескин ва муросасиз кечган футбол баҳсларида Германиянинг турли федерал ўлкалардан келган ватандошларимиздан шакллантирилган 24 та жамоа қатнашди. Анъанавий мусобақанинг 8 карра ғолиби амалдаги чемпион "FC München" жамоаси бош соврин учун "FC Real Uragan" жамоасига қарши майдонга тушди.

 Муросасиз кечган учрашув тақдирини ягона гол ҳал қилди ва унда бранденбургликларнинг қўли баланд келди.

Турнир сўнггида ғолиб ва совриндор жамоаларга кубок ҳамда медаллар топширилди. Шунингдек, "Ҳалол ўйин учун" соврини ("FC Real Uragan"), "Энг яхши дарвозабон" (Исломиддин Жумабоев, "FC Real Uragan"), "Турнир тўпурари" (Отабек Жумамуратов "FC München"), "Энг яхши ўйинчи" (Достонбек Назаралиев, («FC Real Uragan») ва бошқа қатор номинациялар бўйича диплом ва эсдалик совғалар топширилди.

Жорий йилги спорт тадбирида биринчи бор аёллар ўртасида волейбол бўйича тўрт жамоа иштирокида мусобақа ўтказилди. Мазкур турнир ғолиб ва совриндор жамоаларига ҳам эсдалик совғалари топширилди. Ушбу мусобақа аёлларнинг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини янада ошириш ва саломатликларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Ташкилотчиларга кўра, келгусида бу каби мусобақаларни мунтазам равишда ўтказиш ва аёллар жамоаси сафини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Мазкур ташаббус аёллар ўртасида спортга бўлган қизиқишни янада ривожлантиришга замин яратади. Болажонлар учун эса интерактив фаол, расм чизиш ва бошқа қизиқарли ўйинлар уюштирилди. Ота-оналар эса фарзандларининг мароқли дам олишларидан мамнун бўлишди.

Футбол турнири якунида барча иштирокчилар ва мухлислар учун анъанавий ўзбекона миллий дастурхон ёзилди. Тадбир ўзбекистонлик талабалар учун бўш вақтларини фойдали ва мароқли ўтказиш, шу билан бирга, элчихона дипломатларидан ўзларини қизиқтирган консуллик, ҳуқуқий ва фуқаролик масалаларига ҳам жавоб олишлари учун яхши имконият бўлди.

Достонбек Назаралиев, "FC Real Uragan" жамоаси сардори:

 – Германиядаги барча ватандошлар номидан футбол бўйича Жаҳон чемпионатига йўлланма олган Ўзбекистон терма жамоамизни чин дилдан табриклайман ва мундиалда муваффақиятлар тилаб қоламан.

Ўзбекистон элчихонаси ва "Davra-Cup" ўзбек-немис жамиятининг турнири муваффақиятли бўлиб ўтди. Барча жамоаларга чиройли ўйин учун миннатдорлик билдираман. Янги ташкил этилган ва турнирнинг дебютант жамоаси саналган "FC Real Uragan" жамоамиз турнинг бош совринини қўлга киритиш баробарида кўплаб номинациялар бўйича тақдирланди. Шу ўринда бошқа жамоаларни ҳам муваффақиятли иштироки билан табриклайман ва барча ташкилотчиларга жамоамиз номимдан раҳмат айтаман.

Эгамберди Турсунов, "FC München" жамоаси ўйинчиси:

– Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритгани барчамизни қувонтирди ва мен ушбу ютуқлини умумий ғалабамиз деб биламан.

Бугунги турнир ҳақида гапирадиган бўлсам, бу йилги мусобақа ўтган йилгиларга нисбатан анча юқори савияда ўтди. Гуруҳ босқичларидаги беллашувлар ҳам осон кечмади. Бу эса йилдан-йилга "Davra-Cup" турнирининг савияси ошиб бораётганидан далолат беради. Финалда "FC Real Uragan" жамоаси билан беллашдик, ғолиб жамоа ва турнир иштирокчиларини чиройли ҳамда кескин ўйин билан табриклайман. Ташкилотчилар мамлакатимиз элчихонаси ва "Davra Cup" ўзбек-немис жамиятига жамоамиз номидан миннатдорлик билдираман.

Томас Маркерт, турнир ҳаками:

– Турнир жуда муваффақиятли ўтди. Барча жамоалар ажойиб ўйин кўрсатишди. Бу дўстлик ва бирдамлик ўйинидир. Биз беш нафар ҳакам турнир давомида ўйинларни бошқариш имкониятига эга бўлганимиздан жуда мамнунмиз. Футбол ўйинларини томоша қилиш учун бутун Германия, ва қўшни Чехиядан ватандошларнинг йиғилгани қувонарли ҳолдир. Ўйлайманки, келажакда бу турнир янада кенгайди. Ушбу мусобақаларда иштироким туфайли, Ўзбекистонни яқиндан танишга муваффақ бўлдим ва барча танишларимни ажойиб мамлакатингизга саёҳат қилишни тавсия этаман.

Гулшан Расулова, турнир ташкилотчиси:

- "Davra" ўзбек-немис жамияти 2013 йилдан буён фаолият юритиб келади. Барча ватандошларимизни бирлаштириш мақсадида турли тадбирлар, жумладан футбол турнири ўтказиб келамиз. Тадбирларимиз нафақат ёшларимиз, балки турли ёшдаги ватандошлар ва уларнинг оилаларига мўлжалланган. Ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, бу йилги турнирда аёллар учун волейбол ўйинлари, болалар учун қизиқарли спорт мусобақалари, расм чизиш машғулотлари ташкил этилди. Мақсадимиз ватандошлар ўртасида дўстлик, бирдамлик ва Ватанга бўлган муҳаббатни мустаҳкамлашдан иборат.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш