Киевда Наврўз: Ватандошлар Наврўз байрамини бирга нишонлади
Март 29, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 94
КИЕВ, 30 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Наврўз байрами муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Украинадаги мураккаб вазиятга қарамасдан, у ерда меҳнат қилиб ва тадбиркорлик фаолиятини юритиб келаётган ватандошларимиз иштирок этди.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов йиғилганларни Наврўз байрами билан самимий табриклади. У мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса хорижда яшаб ва ишлаб келаётган ватандошларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Сўнгги йилларда хориждаги юртдошлар ва тадбиркорлар учун қулай инвестиция муҳитини яратиш, ишбилармонликни ривожлантиришга қаратилган янги имкониятлар жорий этилаётгани алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, мавжуд муаммолар юзасидан фикр алмашди. Элчихона вакиллари барча масалаларга атрофлича тушунтириш берди.
Ватандошларимиз юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакат келажагини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди.
Тадбир якунида меҳмонлар учун байрам дастурхони ёзилиб, ўзбек миллий таомлари – палов, нон, манпар, чучвара, чак-чак ва турли ширинликлар тақдим этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси