Logo

Деҳлида Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

Март 26, 2026. 09:00 • 2 дақ

187
Деҳлида Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

ДЕҲЛИ, 26 март. /«Дунё» АА/. Ҳиндистон пойтахтида Жавоҳарлаъл Неру университетининг Форс ва Марказий Осиё тадқиқотлари марказида «Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларида Алишер Навоий ижодини ўрганиш» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган мазкур академик тадбир Ўзбекистон, Ҳиндистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларнинг олимлари, тадқиқотчилари ҳамда маданият арбобларини бирлаштирди.

Конференция Жавоҳарлаъл Неру университети, Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси, Ўзбекистон давлат хореография академияси, Андижон давлат педагогика институти, Андижон давлат чет тиллари институти, Жумабек Ташенов номидаги университет (Қозоғистон), «Suz.in» халқаро илмий-оммабоп журнали ҳамда Деҳли кўникмалар ва тадбиркорлик университети томонидан ташкил этилди.

Алишер Навоийнинг бутун инсоният мулки сифатида эътироф этилган мероси халқларнинг маънавий яқинлашувида мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилишда давом этмоқда. Анжуман иштирокчилари шоирнинг «Хамса» ва бошқа ўлмас асарларига сингдирилган инсонпарварлик ғоялари бутун Марказий ва Жанубий Осиё тадқиқотчилари қалбида акс-садо бераётганини таъкидлади. Навоий ижоди нафақат адабий ёдгорлик, балки минтақа маданий муҳитини шакллантирувчи муҳим омил сифатида кўриб чиқилди.

Ялпи мажлис ва шуъба йиғилишлари доирасида Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Қозоғистон олимлари Навоий асарларининг қиёсий таҳлили, уларни дунё халқлари тилларига таржима қилиш масалалари, буюк аллома ижодининг замонавий маданиятга таъсирига бағишланган маърузалари билан иштирок этди.

Шунингдек ўқинг

Конференция дастуридан, шунингдек, «Алишер Навоий илмий ва ижодий меросининг жаҳон цивилизациясидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий мақолалар танлови натижаларини эълон қилиш ва «Suz.in» журнали тақдимоти ҳам ўрин олди.

Кеча ёрқин адабий-маданий дастур билан якунланди. Унинг доирасида Алишер Навоий ғазаллари ва рубоийлари янгради. Шунингдек, ўзбек халқ қўшиқлари ва рақслари ижро этилди.

Ташкилотчиларнинг қайд этишича, конференция икки мамлакат академик муассасалари ўртасидаги илмий-таълим алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб, қўшма тадқиқот лойиҳалари, тажриба алмашиш ва навоийшуносликни глобал миқёсда янада ривожлантириш учун янги истиқболлар очди.

Халқаро конференция иштирокчилари бу каби учрашувлар халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни чуқурлаштиришга ва умумий маданий меросни асраб-авайлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш