Сан-Францискода Наврўз байрами кенг нишонланди
Март 24, 2026. 10:39 • 2 дақ
• 107
САН-ФРАНЦИСКО, 24 март. /“Дунё” АА/. 20–21 март кунлари АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида Наврўз байрами муносабати билан қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбирлар мамлакатимизнинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Калифорния штати, Сан-Франциско кўрфази ҳудудидаги ўзбекистонликлар ҳамжамияти томонидан уюштирилди.
Учрашувларда маҳаллий маъмурият вакиллари, шунингдек, қатор хорижий давлатлар, жумладан, туркий тилли мамлакатлар диаспора бирлашмалари иштирок этди.
Дастур доирасида Ўзбекистоннинг миллий маданияти, халқимизнинг анъана ва урф-одатлари кенг намойиш этилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонасининг Наврўз байрами муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, шаҳар ҳокимига ҳурмат белгиси сифатида ўзбек миллий зардўзлик либоси тақдим этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон тарихи, маданияти ва анъаналарига бағишланган тематик экспозициялар намойиш этилди. Айниқса, мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда тақдимот материаллари безатилиб, сайёҳлик йўналишлари, тарихий шаҳарлар ва маданий объектлар ҳақида флаерлар ҳамда бошқа тарқатма материаллар тақдим этилди.
Меҳмонларга қўл меҳнати асосида тайёрланган миллий эсдалик совғалари улашилди. Тадбир маҳаллий аҳоли ва турли жамоалар вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Эътиборли жиҳати шундаки, илк бор Сан-Франциско мэрияси биносида Наврўз байрами нишонланди.
Шаҳарнинг бошқа майдонларида ҳам байрам тадбирлари миллий таомлар ва бой маданий дастур билан давом этди. Дастур доирасида миллий куй-қўшиқлар ижро этилди. Шу билан бирга, тадбирларда туркий тилли жамоалар, жумладан, озарбайжон диаспораси вакиллари ҳам фаол иштирок этди.
Икки кун давомида бир нечта майдонларда ўтказилган тадбирлар минтақадаги ўзбек жамоасининг юқори даражадаги ташкилотчилиги ва фаоллигини намоён этди.
Мазкур тадбирлар миллий маданиятни кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси