Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ватандошлар иштирокида маданий-маърифий кеча ўтказилди
Декабрь 18, 2024. 11:34 • 2 дақ
• 128
ЎШ, 18 декабрь. /"Дунё" АА/. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат академик мусиқали драма театрида "УТРК-Ош" телекомпанияси ва "Ынтымак" радиоси ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Қирғизистондаги вакили билан ҳамкорликда маданий-маърифий кеча бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда ватандошлар, жамоат фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Байрам кечасини очиб берган "УТРК-Ош" телекомпанияси директори Муратбек уулу Эрмек тадбирни ўтказишда яқиндан ёрдам берган Бош консулхонага чуқур миннатдорлик билдирди.
Унинг маълум қилишича, УТРК-Ош" телекомпанияси ва "Ынтымак" радиосида қирғиз, ўзбек ва рус тилларида кўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар олиб борилади. Бугунги кунда турли миллат ва элат вакилларининг дўстлиги, маданияти ва ҳаёт тарзига оид дастурлар ишлаб чиқилиб, томошабинларга доимий равишда намойиш қилинмоқда.
Шунингдек, тадбир давомида турли соҳаларда ютуққа эришган, жамоат ишларида фаол ва ташаббускор бўлган ватандошлар сўзга чиқди, санъат ва сўз усталарининг куй-қўшиқлари янгради ҳамда йил мобайнида ютуқларга эришган 28 нафар ватандошларга диплом ва ташаккурномалар ҳамда Бош консулхона ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Қирғизистондаги вакили ҳомийлигида эсдалик совғалар берилди.
"Ватандошлар" жамоат фондининг Қирғизистондаги вакили Исроилжон Хамиджонов "Дунё" АА учун интервьюсида фикрларини билдирди:
— Мен, "Ватандошлар" жамоат фондининг вакили сифатида 4-5 йилдан буён фаолият юритиб келаман. Асосий меҳнат фаолиятим мамлакатнинг жанубий минтақаларида яшайдиган ўзбекларнинг иштироки билан бевосита боғлиқ.
Ўш шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонасининг бугунги кунда хориждаги ватандошлар билан олиб бораётган фаолиятини юқори баҳолайман.
Консулхона очилгандан буён, йил давомида маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиш орқали, ўзбек-қирғиз миллатлари ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамладик.
Кузатишларимга кўра, ушбу ҳудудларда яшайдиган миллатдошларим орасида ўзининг шахсий ҳаётидаги ҳамда жамият ижтимоий-иқтисодий фаолиятидаги тутган ўрни билан ўрнак бўладиган, шунингдек илм-фан, маданият, спорт ва бошқа йўналишларда юқори марраларни забт этганлар бор. Бугунги тадбирда бу каби ватандошларимнинг жамиятдаги ўрни, халқ орасидаги ҳурмати юксак баҳоланаётганлигидан ғоят мамнунман.
Ишончим комилки, улар келгусида ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дипломатик алоқалар, савдо-иқтисодий муносабатлар, туризм ва бошқа соҳаларни янада ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги ватандошлар учун сайёр қабул ўтказилди
АҚШдаги Браун университетида отишма вақтида ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди
Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида Ўзбекистон Конституцияси куни нишонланди
Норвегиядаги ватандошлар билан очиқ мулоқот ўтказилди