Logo

АҚШда Ўзбекистон миллий терма жамоасини қўллаб-қувватлаш бўйича фан-клуб ташкил этилди

Июль 19, 2025. 08:06 • 2 дақ

183
АҚШда Ўзбекистон миллий терма жамоасини қўллаб-қувватлаш бўйича фан-клуб ташкил этилди

ВАШИНГТОН, 19 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ҳузурида АҚШ ва Канададаги ўзбек диаспорал ташкилотлари билан биргаликда 2026 йилда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этадиган Ўзбекистон миллий терма жамоасини қўллаб-қувватлаш бўйича фан-клуб ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё АА мухбири.

 Фан-клубнинг ташкил этилиши нафақат 2026 йилги жаҳон чемпионати олдидан мухлисларни сафарбар этиш, балки миллий ўзликни мустаҳкамлаш, хориждаги ватандошларни бирлаштириш, диаспора жамоалари, айниқса, Шимолий Америкада яшовчи ёшлар ва талабалар ўртасида ватанпарварлик туйғусини юксалтиришга қаратилган.

Мухлислар клуби Ўзбекистоннинг замонавий, спорт ва маданиятга бой мамлакат сифатидаги ижобий имижини тарғиб қилувчи халқ дипломатиясининг самарали воситасига айланади. Фан-клуб тадбирлари доирасида ўзбек маданияти, урф-одатлари, миллий таомлари, мусиқаси, ҳунармандчилиги ва сайёҳлик имкониятларини намойиш этиш учун маданиятлараро мулоқот тили сифатида спорт имкониятларидан фаол фойдаланиш режалаштирилган. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонга очиқ ва жадал ривожланаётган, туризм, сармоявий ва гуманитар ҳамкорлик учун жозибадор давлат сифатида қизиқиш ортишига хизмат қилади.

 Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистон миллий брендини АҚШ ва Канадада тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Фан-клубнинг биринчи йиғилиши доирасида диаспора ташкилотлари вакиллари, талабалар жамоалари, спорт ва маданият фаоллари иштирокида онлайн шаклда ўтказилиши режалаштирилган.

Йиғилишда клуб формати ва тузилмасини тасдиқлаш, "ЖЧ-2026" олдидан ва давомидаги асосий тадбирларни аниқлаш, Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокидаги ўйинлар ўтказиладиган шаҳарлар маъмуриятлари билан ўтказиладиган тадбирларнинг аниқ механизмларини келишиб олиш режалаштирилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш