Владивостокда “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остида тадбир ўтказилди
Март 10, 2026. 15:59 • 2 дақ
• 69ВЛАДИВОСТОК, 10 март. /“Дунё” АА/. Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан Россиянинг Владивосток шаҳридаги ватандошлар учун ифторлик дастурхони ёзилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Приморск ўлкасида меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз, талаба ёшлар, ўзбек миллий-маданий маркази фаоллари ва маҳаллий мусулмонлар жамияти вакилларидан иборат 220 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди.
Ифторлик аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан махсус юборилган Андижон шаҳридаги “Хонақа” масжиди имом-хатиби Зуҳробиддин Олимов ҳамда Бош консулхона дипломатлари сўзга чиқиб, йиғилганларни фазилатли ой билан қутлади. Иштирокчиларга давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик намуналари ҳақида тўхталиб ўтилди.
Ватандошлар турли экстремистик оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан огоҳ бўлишга, миллий ўзлик, оилавий қадриятларни асраб-авайлашга ҳамда диний бағрикенглик тамойилларига амал қилишга чақирилди. Талабалар ва меҳнат муҳожирлари ўзларини қизиқтирган диний-маърифий саволларга имом-хатибдан батафсил жавоблар олди.
Тадбир якунида Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги учун дуолар қилинди. Кўтаринки руҳда ўтган ифторлик иштирокчилари хорижда бўлишига қарамай, ўзларини Ватан меҳри ва эътиборида ҳис қилаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


