Туркиянинг Малтепа қамоқхонасидаги ҳамюртларга консуллик ёрдами кўрсатилди
Март 10, 2026. 14:57 • 2 дақ
• 87
ИСТАНБУЛ, 10 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Туркиянинг Малтепа шаҳрида жойлашган ёпиқ турдаги жазони ижро этиш муассасасига навбатдаги консуллик ташрифини амалга оширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида Туркия ҳудудида турли жиноятларни содир этганликда айбланиб ёки ҳукм қилиниб, мазкур муассасада сақланаётган 63 нафар Ўзбекистон фуқароси билан якка тартибда консуллик суҳбатлари ўтказилди.
Дипломатлар фуқароларимизнинг яшаш шароитлари, озиқ-овқат таъминоти ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кўздан кечирди. Маҳкумларнинг яқин қариндошлари билан телефон орқали мулоқот қилиш тартиби ўрганилиб, уларга Туркия қонунчилигида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Суҳбатлар давомида ўта оғир жиноятлар, жумладан, қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, наркотик моддалар савдоси, фирибгарлик ва террористик ташкилотларни молиялаштириш каби айбловлар билан узоқ муддатли ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахсларнинг ҳам муаммолари тингланди.
Хусусан, ижтимоий тармоқларда блоггерлик фаолияти билан шуғулланиб, кейинчалик қонунбузарликка йўл қўйган шахслар ҳамда контент тайёрлаш жараёнида эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган ёшлар билан профилактик суҳбат ўтказилди.
Тизимли равишда амалга оширилаётган бундай ташрифлар нафақат ватандошларнинг аҳволини ўрганиш, балки жазони ижро этиш муассасаси масъуллари томонидан ҳамюртларимизга нисбатан инсоний муносабатнинг ижобийлашишига ҳам хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси