Жанубий Кореядаги махсус муассасада сақланаётган ватандошлар ҳолидан хабар олинди
Март 10, 2026. 11:38 • 2 дақ
• 208
ЁСУ, 10 март. /“Дунё” АА/. Муборак Рамазон ойида инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш мақсадида Ўзбекистоннинг Сеул шаҳридаги элчихонаси ходимлари томонидан Ёсу шаҳрида жойлашган чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш муассасасига ташриф амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида мазкур муассасада сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳолидан хабар олиниб, уларга ўз вақтида ва сифатли консуллик ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Ватандошларимизнинг сақлаш шароитлари билан танишилди ва уларнинг яқин қариндошлари билан алоқаларини тиклаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шу эзгу саъй-ҳаракатлар туфайли муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, ўзаро аҳиллик, саховат ва шукроналик ғояларини ўзида мужассам этган муборак Рамазон ойи халқимиз ҳаётида янада улуғ ва мўътабар ой сифатида кенг нишонланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, элчихона ходимларининг ушбу ташрифи ҳам Рамазон ойида юртимизда қарор топган меҳр-шафқат, бағрикенглик ва инсонпарварлик анъаналарининг амалий ифодаси бўлди. Ташриф доирасида муассаса раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, у ерда сақланаётган ҳамюртларимизнинг муаммоларини тезкор ҳал этиш мақсадида элчихона ҳамда муассаса ўртасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, консуллар, адвокатлар ва таржимонлар иштирокида учрашувларни тезкор ташкил этиш учун фавқулодда алоқа механизмларини йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, муассасада ватандошларни сақлаш шароитлари, уларга тиббий ва бошқа зарур хизматлар кўрсатилиши, яқин қариндошлари билан телефон орқали мулоқот қилиш имкониятлари атрофлича ўрганилди. Саёҳат ҳужжатларига эга бўлмагани сабабли депортация марказларига ўтказилган шахслар ҳақидаги маълумотларни элчихонага ўз вақтида тақдим этиш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Айни пайтда мазкур муассасада 11 нафар Ўзбекистон фуқароси сақланмоқда. Элчихона ходимлари улар билан алоҳида консуллик учрашувларини ўтказиб, зарур ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатди. Корея томони билан ўтказилган музокаралар натижасида ушбу фуқароларни март ойининг охирига қадар Ватанга қайтаришга келишиб олинди.
Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси хорижда бўлиб турган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур консуллик ёрдамини кўрсатиш ва юзага келаётган масалаларни ҳал этиш бўйича ишларни изчил давом эттиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси