Logo

Францияда 30 июнь – Ўзбекистонда Ёшлар куни байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Июль 02, 2025. 10:57 • 2 дақ

49
Францияда 30 июнь – Ўзбекистонда Ёшлар куни байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

ПАРИЖ, 1 июль. /"Дунё" АА/. Франция пойтахтида 30 июнь – Ўзбекистонда Ёшлар куни муносабати билан байрам тадбирлари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ва мамлакатимизнинг элчихонаси томонидан ўтказилган тадбирда Францияда таълим олаётган ва ишлаётган юртимиз ёшлари иштирок этишди.

Байрам тадбирини Ўзбекистон элчиси Нодир Ғаниев қутлов нутқи билан очиб берди. Элчи ўз маърузасида давлатимиз раҳбарияти томонидан ёшларнинг таълим, ривожланиш, фан, бизнес, маданият, спорт ва жамоат ҳаётида ўз салоҳиятларини тўлиқ намоён қилишлари учун яратилаётган шароитлар тўғрисида таъкидлади. Ёшларимизнинг ушбу имкониятлардан самарали фойдаланишлари мамлакатимиз равнақи учун хизмат қилиши урғуланди. Дипломат Ўзбекистон элчихонаси Франциядаги ёшларимизни қўллаб-қувватлашга ва уларнинг ташаббусларини рағбатлантиришга тайёр эканини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Франциядаги вакили иштирокчиларни Ёшлар куни байрами билан табриклаш баробарида уларни янада фаол, билимли ва ташаббускор бўлишга, шунингдек, Ватан билан мустаҳкам алоқани сақлашга чақирди.

Тадбир доирасида Францияда таҳсил олган ва ҳозирда турли соҳаларда ишлаб келаётган ватандошлар билан алоҳида учрашув бўлиб ўтди. Улар ўз тажрибалари, муваффақиятга эришиш йўллари ва франциялик ҳамкасблар билан биргаликда амалга ошираётган қўшма лойиҳалари ҳақида сўзлаб бердилар.

Махзуна Юнусова, ватандош:

– Ёшларга бўлган ишонч, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш – бу мамлакат тараққиётига ишонч демакдир. Ўзбекистон ёшлари Францияда ҳам жуда фаол. Бугун бўлиб ўтган тадбир давомида кўплаб янги дўстлар билан танишдик ва ҳамкорлик режаларини келишиб олдик. Мен юртимиз элчихонаси кўмагида стартап лойиҳаларини амалга оширишни режалаштиряпман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш