Ўзбекистон бош консули Томскдаги ўзбекистонлик талабалар билан учрашди
Апрель 26, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 109
ТОМСК, 26 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Томск давлат миллий тадқиқот университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан навбатдаги сайёр қабул ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув очиқ ва самимий руҳда ўтди. Унда талабалар ўқиш шароитлари, илмий семинар ва тадбирлардаги иштироки, шунингдек, яшаш шароитлари ҳақида маълумот беришди.
Талабалар Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси билан доимий алоқада бўлиш муҳимлигини таъкидлади. Айниқса, Бош консул ташаббуси билан ташкил этилган ва томсклик ўзбек ёшлари билан тезкор мулоқот қилишга хизмат қилаётган “Telegram” канали самарали экани қайд этилди.
Мулоқот давомида ёзги амалиётни ташкил этиш ва талабалар ётоқхоналаридаги шароитларни яхшилаш каби долзарб масалалар ҳам муҳокама қилиниб, улар бўйича ечимлар топилди.
Учрашув якунида талабалар 2026 йил 23 май куни Новосибирск шаҳрида ўтказиладиган мини-футбол бўйича Ўзбекистон Бош консули кубогида фаол иштирок этишга тайёр эканини билдирди.
Ҳозирги кунда Россиянинг “Талабалар пойтахти” ҳисобланган Томск шаҳридаги олий таълим муассасаларида қарийб 2100 нафар ўзбекистонлик талаба турли йўналишларда таҳсил олмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси