АҚШда хориждаги ватандошлар фарзандлари учун янги таълим платформаси яратилди

Ноябрь 20, 2026. 15:30 • 3 дақ

• 143
АҚШда хориждаги ватандошлар фарзандлари учун янги таълим платформаси яратилди

НЬЮ-ЙОРК, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. АҚШнинг Пенсильвания штатида ўзбекистонлик Шуҳрат Файзиев томонидан хориждаги ватандошлар фарзандлари учун янги таълим платформаси яратилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“DARSTOP” деб номланган ушбу халқаро таълим платформаси хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг фарзандларига мактаб дастурини ўзлаштириш, тил билиш кўникмаларини такомиллаштириш ва таълимнинг кейинги босқичига тайёргарлик кўришда ёрдам беришга мўлжалланган.

Ушбу платформа кўп тилли муҳитда вояга етаётган болаларнинг замонавий таълим тизими талабларига янада мослашишига замин яратади. Унда ўқишни давом эттириш ва келажакда касб танлаш учун зарур бўлган академик билимларни бойитиш, мустақил фикрлашни ривожлантириш, хорижий тиллар ва она тилини ўрганиш, замонавий технологиялар ҳамда амалий кўникмаларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Платформа 5 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар учун кенг қамровли таълим дастурларини таклиф этади. Машғулотлар ўқувчиларнинг тайёргарлик даражаси ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда масофавий шаклда, якка тартибда ёки кичик гуруҳларда олиб борилади.

Мазкур платформада АҚШ коллежлари ва университетларига ўқишга кириш учун тайёргарликка алоҳида эътибор қаратилган. Дастурнинг ўзига хос жиҳати таълимга индивидуал ёндашувдир. Ўқитувчилар ва ўқув дастурлари боланинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб танланади. Ота-оналар фарзандининг ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳамда дарс натижаларини кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек ўқинг

Лойиҳа асосчисининг фикрича, “DARSTOP” ўқувчиларининг катта қисмини АҚШда яшовчи ўзбек оилаларининг фарзандлари ташкил этади. Улар учун бундай таълим имкониятлари нафақат қўшимча билим олиш, балки ўзбек тили ва маданиятини унутмаган ҳолда Америка таълим муҳитига осонроқ мослашиш воситаси сифатида ҳам аҳамиятлидир.

Ватандошларнинг жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик қилиши лойиҳани янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Хусусан, Филадельфия ҳудудидаги ўзбек жамоаси вакиллари билан алоқалар йўлга қўйилмоқда, бошқа штатлардаги диаспора ташкилотлари билан ҳам муносабатларни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси “DARSTOP” платформасининг АҚШдаги ўзбек жамоалари билан алоқаларини кенгайтириш ва ватандошларимиз фарзандлари учун таълим имкониятларини ривожлантиришга кўмаклашмоқда.

Мазкур ташаббус Бош консулхонанинг юртдошлар билан манзилли ишлаш ва улар амалга ошираётган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятига тўла мос келади.

Бундай ҳамкорлик оилаларни мавжуд таълим дастурлари ҳақида кенг хабардор қилиш, уларнинг эҳтиёжларини инобатга олиш ҳамда ёш авлодни АҚШ ва бошқа мамлакатларда таҳсил олишга тайёрлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш