Ўзбекистон делегацияси Анталияда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар олий судлари конференциясида қатнашди
Май 08, 2025. 19:03 • 2 дақ
• 109
ТОШКЕНТ, 8 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Олий суди раиси Бахтиёр Исломов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо давлатлар Олий судлари конференциясида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Олий суд ахборот хизмати маълумотига кўра, анжуманда, шунингдек, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон Олий судлари делегациялари, Туркия Кассация суди ва Давлат кенгаши (Олий маъмурий суди) раислари ҳамда ТДТ Бош котиби қатнашди.
Дўстона ва ишчанлик муҳитида, ўзаро тушуниш ва ишонч руҳида ўтган конференцияда томонлар умумманфаатли одил судловнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш баробарида суд органларининг ҳуқуқнинг турли йўналишлари бўйича ҳамкорлиги истиқболларини ҳам кўриб чиқишди.
Олий судлар делегациялари ТДТга аъзо давлатлар суд органларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида олий суд органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ишонч ва дўстликка асосланган алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.
Иштирокчилар ТДТга аъзо қардош давлатлар суд тизимларини ривожлантириш мақсадида Олий судлар ўртасидаги мазмунли мулоқотни келгусида ҳам давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар.
Тадбирда ТДТ доирасида Олий судлар ўртасида одил судлов соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш муҳимлиги эътироф этилиб, суд фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш, умумий маслаҳат майдонларини ташкил этиш, соҳага оид қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, юриспруденция, ҳуқуқий ва техник масалалар бўйича маълумот ва тажриба алмашиш ҳамда бу борада мунтазам алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.
Анжуман якунида имзоланган ТДТ Олий судлари конференциясининг низоми ушбу масалаларни тартибга солувчи қоида ва таомилларни белгиловчи ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Олтой ўлкаси узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга интилмоқда
Ўзбекистон ва Туркия транспорт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди