Logo

Ўзбекистон делегацияси Австрияда самарали музокаралар ўтказди

Ноябрь 24, 2024. 12:16 • 2 дақ

152
Ўзбекистон делегацияси Австрияда самарали музокаралар ўтказди

ВЕНА, 24 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Саидфаррух Исломов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Австрияда бўлиб қайтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ривожлантириш учун хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш ва давлат бошқарувини номарказлаштириш бўйича Австрия тажрибасини ўрганишдан иборат бўлди.

Делегация Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Австрия парламенти, Давлат хизматлари вазирлиги, Адлия вазирлиги, Шаҳар ва қишлоқлар уюшмаси, Штирия федерал ери, Грац, Вена ва Кремс шаҳарлари маъмуриятлари ҳамда Кремс амалий фанлар университетида самарали музокаралар ўтказди.

Хусусан, Парламентда бўлиб ўтган учрашувда делегация аъзолари Австриянинг федерал тузилиши, федерал ҳукуматнинг федерал ерлар билан ишлаш тизими, Парламентнинг юқори ва қуйи палаталари фаолияти ҳамда ваколатлари, депутатларни сайлаш тартиби ва уларнинг вазифалари тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлишди.

Шу билан бирга, Австрия федерал давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг давлат хизматчилари учун махсус ўқув курсларни ташкил қилиш масаласи Давлат хизматлари вазирлигида муҳокама этилди.

Австрия адлия вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда эса мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни нафақат икки томонлама, балки кўп томонлама ҳам фаоллаштириш ҳамда ўзаро манфаатли соҳаларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Шаҳар ва қишлоқлар уюшмасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари мамлакатнинг бошқарув тизими фаолияти ва уларни ривожлантиришда уюшманинг ўрни тўғрисидаги маълумотларга эга бўлишди.

Ташриф давомида, Штирия федерал ери, Грац ва Вена шаҳарлари маъмуриятларидаги учрашувларда ҳокимиятнинг тақсимланиши, соҳаларда ишларни ташкил қилиш тартиби ва делегацияни қизиқтирган бошқа саволлар бўйича ҳам фикрлар алмашилди.

Кремс шаҳри маъмурияти ва Кремс амалий фанлар университети раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда делегация аъзолари мазкур шаҳар аҳолисининг турмуш тарзи, ундаги олий ўқув юртларида кадрлар тайёрлаш тизими билан яқиндан танишишди. Мамлакатларимиз шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш, ҳудудларимизда жойлашган олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича келишувларга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш